Пойтахтимизда “Янги Ўзбекистоннинг Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари: ютуқлар ва истиқболлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуманнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ислоҳотларнинг аҳамиятини муҳокама қилиш, билим ва тажриба, илмий тадқиқотлар ва ривожланиш стратегияларининг натижаларини алмашиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик учун «йўл харита»ларини белгилаб олишдан иборатдир.

Сенатор ва депутатлар, халқаро экспертлар иштирокида ўтган тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда кузатилган саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Конференция гибрид режимда ташкил этилиб, қатор давлатлар экспертларининг нутқи тингланди.

Улар республика миқёсида амалга оширилиши режалаштирилган “БРМ ёш элчилари” ёшлар ташаббуси бўйича ўз таклифларини берди.

Шунингдек, қашшоқлик ва очликни бутунлай йўқ қилиш, мамлакатлар ва улар ўртасида тенгсизликни камайтириш, соғлом турмуш тарзи, барча учун таълим олиш имкониятини яратиш, гендер тенгликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш 2017-2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегиясига тўғри келди. COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган қийинчиликларга қарамай, мамлакатимиз ислоҳотларни давом эттирмоқда.

– Мазкур конференция Ўзбекистонда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, жамиятдаги ўрни ва бизнес соҳасида фаолликлари билан яқиндан танишиш учун катта имконият бўлди. Боиси гендер тенглиги билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йиғилиш самарали лойиҳаларни амалга ошириш учун янги платформа вазифасини бажаради, деб ишонаман, – деди Польшанинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Агнешка Марчак.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев фуқаролик жамиятининг институцион ролини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришиш устувор вазифа эканини таъкидлади.

Конференциянинг иккинчи қисмида ёшлар вакиллари “Ёшлар сўзлари билан айтганда миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш: ижтимоий ва инновацион лойиҳалар” мавзусида ўз тақдимотлари билан иштирок этди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларни эмпирик таҳлил қилишга бағишланган янги китобни инглиз тилида ёзиш бўйича илмий ҳамжамият томонидан иш бошлангани ҳам эълон қилинди.

Конференцияда миллий БРМга эришиш учун ҳамкорликнинг кейинги «йўл харита»лари аниқланди. Ташкилотчилар Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг миллий БРМга эришишдаги аҳамиятини умумлаштиришга қаратилган Альманах – тасвирий ҳисобот тайёрлади. Бу одамларнинг Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тўғрисида хабардорлигини оширишга қаратилган.

Конференция давомида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш жараёнида халқаро илғор тажрибалар кўриб чиқилиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазкур мақсадлар билан боғлиқлик жиҳатлари муҳокама қилинди. Шунингдек, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бўйича халқаро экспертларнинг фикри тингланди.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА мухбири