Бухоро вилояти Шофиркон туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод – Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилояти бўйича ишончли вакили Самойдин Ҳусенов сайловчилар билан учрашди.

Дастлаб ишончли вакил сайловчиларни Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Сайловолди дастурининг барча йўналишлари юзасидан батафсил маълумот берди.   Дастурда мамлакатимизда кейинги 5 йилда амалга оширилиши режалаштирилган мақсад ва вазифалар қамраб олинган.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили билан ўтказилган учрашувда сўзга чиққан «Азим Шофиркон юлдузи» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов, Ёшлар агентлиги туман бўлими раҳбари Миржалол Қўндиев, маҳаллий ҳунармандлардан, «Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Раъно Адизова, партия фаоли Розия Шоева, маҳаллий Кенгаш депутатларидан Акбар Элмуродов ва бошқалар  номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлади. Барча сайловчиларни Президент сайловига фаол иштирок этиш ва Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

Учрашувда “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

 

Зариф Комилов, ЎзА