Шавкат Мирзиёев Самарқандни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур доирасида Нарпай тумани мисолида вилоятда ишсизлик ва камбағалликка барҳам бериш бўйича режаларни маълум қилди.

Унга кўра Нарпай мисолида, туманни “ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича янги тизим амалга оширилади.

Айни пайтда туманда меҳнатга лаёқатли 14 минг ишсизлар мавжуд. Шу билан бирга, 4 мингта оила камбағал тоифага киритилган. Тумандаги 57 та маҳалланинг 11 таси қизил ва 33 таси сариқ маҳалла тоифасига киради.

Энди тумандаги маҳаллаларга бириктириладиган “ҳоким ёрдамчилари” лавозимлари жорий этилади. Улар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва янги иш жойларни ташкил этиш бўйича тизимли ишларни ташкил этади.

Туманда саноат соҳасида 800 миллиард сўмлик 145 та инвестиция лойиҳаси ҳисобига 1,5 мингта иш ўрни яратилади. Жумладан, “Бахт”, “Гулистон”, “Муқимий” ва “Тепа” маҳаллаларида 4 та янги кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Шунингдек, мавжуд корхоналар фаолиятини кенгайтириш ҳисобига 4 минг 800 та, ижтимоий соҳада 650 та;

– 747 та хизмат кўрсатиш шахобчаларини ташкил этиш орқали 1100 та;

– 14 та йўл бўйи инфратузилма комплексларини ташкил этиш орқали 500 та;

– пахта ва ғалладан бўшатиладиган майдонларни аҳолига ижарага бериш орқали 4 мингта;

Мирбозор бозорини реконструкция қилиб, замонавий савдо комплексига айлантириш орқали 1200 та янги иш ўрни яратилади.

Туманнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, 12 та маҳаллада қурувчи, чилангар, қандолатчилик, тикувчилик, IT-соҳа касблари бўйича касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади.

Юқоридаги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида, туманда тадбиркорлик субъектлари сони 1,5 мингдан 3 минг 700 тагача кўпаяди.

Умуман, келгуси 2 йилда қайд этилган тадбирлар натижасида, жами 22 минг аҳолининг бандлиги таъминланади.

– Агар шу янги тизим орқали иш самарали ташкил этилса, 3 йилда нафақат Нарпайда, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ишсиз одам ва камбағал оила бўлмаслиги керак. Умуман, келгусида Самарқандни ишсизлар ва камбағаллик йўқ вилоятга айлантирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА