Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини ёритувчи журналистлар учун “Оммавий ахборот воситаларида сайловларни самарали ёритиш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Унда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска хоним сайлов жараёнларини самарали ёритиш бўйича журналистларнинг малакасини оширишга бағишланган бундай тренинглар илгари ҳам ташкил этилгани, уларни ташкил этишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳаси муҳим ўрин тутишини таъкидлашди.

– Мазкур лойиҳанинг барча ходимларига самарали ҳамкорлик учун самимий миннатдорлик билдираман, – деди З.Низомхўжаев.  – Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда оммавий ахборот воситалари билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилиб келаётир.

Ўзбекистонда барча даражадаги сайлов комиссиялари Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз ишини Сайлов кодекси талаблари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режасига биноан, қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этмоқда.

Сайловга оид барча тадбирларда оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этмоқда. Ўтказилаётган тадбирларнинг аксарияти етакчи теле ва радиоканаллар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. Махсус репортажлар, жумладан, онлайн ҳамда фоторепортажлар, интервьюлар тайёрланмоқда. Босма ва интернет нашрларда турли тилларда ҳар куни ўнлаб таҳлилий мақолалар эълон қилинмоқда.

Буларнинг барчаси, аввало, мамлакатимизда давлат ҳамда жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган тизимли, изчил, айни пайтда жадал ислоҳотлар самарасидир. Мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи оммавий ахборот воситалари билан сайлов жараёнларини фаол ва холис ёритиш бўйича келишувлар имзоланган.

Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 23 июль куни иш бошлаган Матбуот марказида тажрибали журналистлар, ҳуқуқшунослар, таржимонлар, экспертлар ҳамда бошқа мутахассислардан иборат ихтисослаштирилган гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлашга фаол ҳисса қўшмоқда.

Шу кунга қадар юзга яқин миллий оммавий ахборот воситаси, жумладан, теле, радиоканалар, босма ва интернет нашрларнинг мингга яқин вакили рўйхатга олинди. Жумладан, ўттизга яқин хорижий оммавий ахборот воситасидан 48 нафар журналист аккредитациядан ўтказилди. Аккредитация жараёни давом этмоқда.

Бу жараёнда нодавлат оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳар қачонгидан кўплигини алоҳида таъкидлаш зарур. Журналистларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнларда фаол иштирок этаётгани Президент сайловини очиқ, ошкора ва миллий сайлов қонунчилиги талабларига биноан ўтказишга хизмат қилмоқда.

Дастурида сайлов жараёнини ёритишнинг  муҳим йўналишлари қамраб олинган ушбу семинар-тренинг иштирокчи-журналистларнинг малакасини янада ошириш, ўзаро фикр ва тажриба алмашишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Нурилло Насриев, ЎзА