22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасида Марказий Осиё ва АҚШ ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг “C5+1” шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.
Видеоконференция орқали ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби иштирок этди.
Ташқи сиёсий идора раҳбарлари иқтисодиёт, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан муҳокама олиб борди.
Учрашувда Афғонистондаги вазият ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, гуманитар инқирознинг олдини олиш учун афғон халқига ёрдам кўрсатиш, ушбу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини таъминлайдиган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Шу ўринда минтақадаги мамлакатлар барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА мухбири