Тошкентда 14 сентябрь куни Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг 16-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Э.Оразгелдиев ҳамраислигида ўтди.
Мажлисда инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, илмий-техник, транспорт ва транзит, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматларининг конструктив, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга содиқлиги, мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда Туркманистон капитали иштирокида 160 корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга ошди.
Томонлар икки мамлакат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда саноат кооперациясини ривожлантириш ва узлуксиз қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш зарурлиги тўғрисида якдил фикр билдирди. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, маиший техника ва қурилиш материаллари соҳаларида ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзаро савдони ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар икки мамлакат бозорларига маҳсулотларни барқарор етказиб беришни таъминлаш ҳамда савдо айланмаси ҳажмини яқин келажакда 1 миллиард долларга етказишга тайёр эканликларини билдирди. Икки мамлакат ташқи савдо идоралари вазирларининг ўринбосарлари даражасидаги қўшма ишчи гуруҳ бу йўналишдаги таклифларни мунтазам равишда ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Шунингдек, яқин келажакда Ўзбекистон – Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш тўғрисидаги битим лойиҳасини келишиш ҳам якунига етказилади.
Транспорт соҳасида икки мамлакат ўртасида ўзаро боғлиқликни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, томонлар транспорт йўлакларини янада ривожлантириш, авиа қатновларни босқичма-босқич қайта тиклаш, 2022 йилда ўзаро тариф имтиёзларини тақдим этиш, “Туркманбоши” денгиз порти инфратузилмасидан фойдаланиш истиқболлари ҳамда бошқа ташаббусларни назарда тутувчи қўшма чораларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олдилар.
Тадбирда икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари сўзга чиқиб, муайян соҳадаги ҳамкорлик қилишга доир навбатдаги тадбирлар ҳақида ўз қарашларини баён этди.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунлари бўйича энергетика, нефть ва газ, кимё ва автомобиль саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, фан, таълим, спорт ва туризм соҳаларида амалий ҳамкорлик қилиш бўйича қатор муҳим келишувларга эришилди.
ЎзА