Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Х съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсад-вазифалар ҳамда бу борада ЎзЛиДеП олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, номзоднинг сайловолди дастури кўп қиррали бўлиб, унда қатор ҳаётий мақсад-вазифалар ўрин олган. Хусусан, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилиши, давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслигини таъминлаш каби вазифалар белгиланган. Бунинг учун бюджет маблағларини самарали тақсимлаш ва назорат қилишнинг янги тизими йўлга қўйилиб, бундан буён бюджет харажатлари биринчи навбатда фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилиши қайд этилган.

Шунингдек, иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадида келгуси 5 йилда фонд бозори ҳажми 200 миллион доллардан 7 миллиард долларга етказилиши, бунда мамлакатимизга капитал олиб кириш бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай бўлган шарт-шароитлар яратилиши назарда тутилган.

Йиғилишда сўз олган фракция аъзолари номзоднинг сайловолди дастури ҳақида тўхталар экан, ундаги барча мақсад-вазифалар Ўзбекистоннинг ривожланиши, эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш, халқимиз турмуш фаровонлиги ошиши йўлида хизмат қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг депутатлар “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқди. Лойиҳада банкларнинг айрим турдаги молиявий операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштиришга қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда.

Қонун лойиҳасида нобанк кредит ташкилотларининг таркиби микромолия ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари этиб белгиланмоқда. Ўз навбатида, микромолия ташкилотлари ва ломбардларга микромолиялаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бериш назарда тутиляпти.

Баҳс-мунозаралардан сўнг фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА