Бунинг учун “Алоқа банк” томонидан устави 80 миллиард сўм бўлган Венчур жамғармаси ва IT билимларни ривожлантириш маркази ташкил этилади.
Ушбу марказда келгуси беш йилда 100 минг нафар ёшга дастурий таъминот, мобиль иловалар, тармоқ администратори каби йўналишлар бўйича профессионал таълим берилади.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда 151 та рақамли технологиялар ўқув маркази фаолият юритиб, уларда жорий йилда 27 мингдан ортиқ тингловчилар ўқитилмоқда. Бу марказларда таҳсил олган 10 минг битирувчи фриланс йўналишида, 500 га яқин ёшлар стартап жамоаларда янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Президент ушбу марказлар фаолиятини такомиллаштириб, турли касб эҳтиёжлари учун IT кўникмалар берадиган масканга айлаништириш кераклигини таъкидлади.
Масалан, ўқитувчилар учун – “электрон таълим”, лойиҳачиларга – “рақамли қурилиш”, фермерларга – “ақлли қишлоқ хўжалиги” каби дастурларда ишлаш бўйича зарур кўникмалар берилади.
Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги ва вилоят ҳокимларига 1 ноябрга қадар қўшимча 54 та рақамли технологиялар марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Тошкент шаҳрида – 10 та, Фарғонада – 8 та, Андижон, Бухорода – 5 тадан, Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида – 4 тадан, Навоийда – 3 та, Сурхондарёда – 2 та, Хоразмда – 1 та.
Бунда, келгуси йилдан бошлаб марказлар фаолиятини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этишни кўзда тутилади.
ЎзА