Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 10 сентябрь куни IT соҳасида кадрлар тайёрлаш, шунингдек, Президент, ижод ва ихтисослашган мактабларда таълим сифатини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда видеокоференцалоқа орқали Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад Абдулла ал-Гергавий ҳам иштирок этди.
Дастлаб IT соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.
Маълумки, “рақамли иқтисодиёт” келгуси беш йилда мамлакатимиз тараққиётининг асосий драйвери сифатида белгилаб олинди. Барча соҳа ва ҳудудларда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бошланди.
Бу борада ҳозирга қадар ҳудудларда 89 та, тармоқларда 200 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди. Йил бошидан буён IT-парк резидентлари сони 35 фоизга кўпайиб (482 та), уларда 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Жорий йил 8 ойида ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар ҳажми 2,4 бараварга, уларнинг экспорти 3,3 бараварга ошиб, 26 миллион долларга етди.
Шу билан бирга, келгуси 3 йилда иқтисодиёт тармоқларида яна 300 та янги лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Ушбу лойиҳаларни тўлиқ амалга ошириш учун соҳада юқори малакали кадрларни тайёрлаш долзарб масала ҳисобланади.
Бу борада, Дубай Келажак фонди иштирокида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси татбиқ этилмоқда.
Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида 567 минг ёшлар учун бепул таълим олиш имконияти яратилиб, уларнинг 217 минг нафари сертификат олди. Мисол учун, Навоий, Андижон ва Қорақалпоғистонда сертификат олган ёшлар сони энг кўп. Эътиборлиси, лойиҳа иштирокчиларининг 446 минг нафарини (79 фоиз) мактаб ўқувчилари ташкил этади.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳасини самарали амалга оширишда Бирлашган Араб Амирликлари иштироки катта аҳамият касб этиб, мамлакатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг ёрқин ифодасига айланди.
Президент замонавий IT, қайта тикланувчи энергия манбалари каби энг илғор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириб, Янги Ўзбекистон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётгани учун Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматига, жумладан, вазир ал-Гергавийга ташаккур изҳор қилди.
Йиғилишда БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад Абдулла ал-Гергавий сўзга чиқиб, Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда келгусида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёр эканини таъкидлади.
ЎзА