Давлатимиз раҳбари эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида келгучсида амалга ошириладиган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
Унга кўра, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан таъминлаш даражаси ҳозирги 60 фоиздан 100 фоизга етказилади. Уларнинг барчаси давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан таъминланади.
Базавий пенсия ҳисоблашда иш ҳақининг чегаравий миқдори ҳозирги 10 баробардан 12 баробарга оширилади. Бу – 2 миллион нафар фуқаронинг пенсияси, камида 20 фоизга кўпаяди, дегани.
Шу билан бирга, уй-жойга муҳтож фуқароларга турар-жойларни ижтимоий ижарага бериш тизими жорий этилади.
Манзилли ижтимоий ҳимоя борасида имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳимояси ва уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳозирги кунда ишлаш имконияти бор, 162 минг ногиронлиги бўлган шахсларнинг атиги 13 фоизи ишлаяпти. Келгуси беш йилда уларнинг бандлигини 3 баробар оширишни кўзда тутувчи, касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш Миллий дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.
Шулар қаторида, эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун олий таълим грантлари, ҳар йили ошириб борилади ва 2026 йилда 6 мингга етказилади.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда ёрдамга муҳтож биронта инсон эътибор ва амалий ғамхўрликдан четда қолмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.