Хабар қилганимиздек, айни пайтда Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Х съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод Шавкат Мирзиёев маъруза қилмоқда.

– Аввало, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлган, бугунги съездида иштирок этаётганимдан, барчангизни мана шундай кўтаринки кайфиятда кўриб турганимдан ғоят мамнунман.

Сизлар билан партиямиз ташкил этилган кундан бошлаб, барча масалаларда ҳамфикр бўлиб, ҳаёт олдимизга қўяётган долзарб вазифаларни биргаликда самарали бажариб келмоқдамиз.

Юртимиз сиёсий майдонида катта нуфузга эга бўлган, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси съездининг Сиз, ҳурматли делегатлари ва фаоллари менга юксак ишонч билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига, номзодимни кўрсатганингизни, беҳад қадрлайман. Бу, мен учун юксак шараф ва айни пайтда, улкан масъулият эканини, юрак-юракдан ҳис этмоқдаман.

Бундан беш йил олдин, мен партиямиз минбаридан ўз сайловолди дастуримни эълон қилган эдим. Ушбу дастурда давлат ва жамиятимизни янада ислоҳ қилиш, фуқароларимизнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш ва орзу-умидларини рўёбга чиқаришни олий мақсад этиб белгилаган эдик.

Беш йил мобайнида аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва унинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида нималарга эришдик? Қандай марраларни эгалладик? Камчиликлар нималардан иборат бўлди?

Дастуримиздаги эзгу мақсадларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш учун, 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарори қабул қилинди.

Қисқа даврда мамлакатимизда янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳалла қолмади, десам, айни ҳақиқатдир.

Шу борада бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтишни истардим: бугунги кунда давлатимиз инсон учун, халқ учун очилди. Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича, мутлақо янги тизим яратдик.

Давлат ташкилотлари иш фаолиятида “маҳаллага тушиш”, “халқ ичига кириш, унинг “дардига қулоқ солиш”, “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида ҳал этиш” тамойиллари, асосий мезонга айланди, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА