Пойтахтимизда Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни ушбу анжуманга ташриф буюрди.

Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни қутлаб, Ўзбекистоннинг мазкур банк билан ҳамкорлиги, истиқболдаги муҳим масалалар ҳақида нутқ сўзлади.

– Банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи, деб ҳисоблаймиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Маълумки, Ислом тараққиёт банки гуруҳи 1973 йил ташкил топган. Бош қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда банкка 57 та давлат аъзо бўлиб, устав жамғармаси 150 миллиард долларга тенг.

Банкнинг асосий фаолияти иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиришдан иборат.

ИТБнинг Бошқарув кенгаши асосий орган бўлиб, бир йил Жидда шаҳрида ва кейинги йил эса аъзо давлатларнинг бири ҳудудида ўтказилади.

Банк Бошқарувчилар кенгашининг 2021 йилдаги йиллик анжумани 2-4 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этиш учун ИТБ гуруҳига кирувчи мамлакатлардан вазирлар ва юқори лавозимли шахслар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, 2 мингдан ортиқ йирик бизнес вакиллари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари Ўзбекистонга келган.

Анжуманда COVID-19 пандемиясидан сўнг ИТБга аъзо мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, саммит доирасида иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, соғлиқни сақлаш, аъзо давлатларда илм-фан, технологиялар ва инновациялар экотизимини қўллаб-қувватлаш, ислом молияси мавзуларида шўъба мажлислари, қатор учрашувлар ўтказилади.

Ўзбекистон Ислом тараққиёт банкига 2003 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳаси маъқулланган. Улар доирасида мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқлари қурилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий жиҳозланган.

Президентимиз Ўзбекистон замини асрлар давомида ислом оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти марказларидан бири бўлганини таъкидлади.

Бу анъаналарни давом эттирган ҳолда, мамлакатимизда ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Имом Бухорий номидаги халқаро ҳадисшунослик маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро ислом академияси ташкил қилинди.

Янги мактаблар, илм-фан масканлари барпо этилди. Сўнгги беш йилда 64 та янги олий таълим даргоҳи очилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларга ахборот технологиялари бўйича чуқур билим берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталди. Мамлакатимизда инқирозга қарши ишлаб чиқилган чораларни ўз вақтида қўллаб-қувватлагани учун Ислом тараққиёт банкига миннатдорлик билдирди.

Анжуман доирасида Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича келишув имзолангани қайд этилди. Капитали 500 миллион долларга етказилиши кўзда тутилган мазкур жамғарма орқали камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган лойиҳалар қўллаб-қувватланади.

Шавкат Мирзиёев минтақамиздаги экологик муаммоларни қайд этиб, банк бошқарувчилари эътиборини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шаъфелигида тузилган Траст жамғармаси ҳамда Оролбўйи минтақасида ташкил этилаётган экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратди.

Минтақамизда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, янги транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги ишлар қайд этиб ўтилди.

Маълумки, бугун дунё мамлакатлари иқлим ўзгариши, йирик миграцион жараёнлар, табиий ресурслар ва озиқ-овқат етишмовчилиги каби синовларга дуч келмоқда. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз банк фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор таклифларни билдирди.

“Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача яшил йўлак” номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди. Унинг амалга оширилиши ўзаро савдо ва сармоявий алоқалар кенгайишга, мамлакатларнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашиши ва барқарор ўсишига хизмат қилади.

Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси томонидан молиявий инструментларни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Бу эркин савдони рағбатлантириш, инвестициявий хатарларни суғурталаш, транспорт ва логистика инфратузилмаларини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Коронавирус пандемиясидан кейинги даврда аъзо мамлакатлар иқтисодиётлари ривожланишига инновацион тус бериш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар жамғармаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни жорий қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланадиган энергия ва экологик технологияларни кенг қўллаш айниқса долзарбдир.

Шунингдек, минтақавий аҳамиятга эга инвестицион ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

– Бугунги халқаро анжуман банк доирасидаги шериклигимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади ва аъзо мамлакатлар халқларининг умумий фаровонлигига катта ҳисса қўшади, – дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.

Тадбирда Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон Ал-Жассир ҳам нутқ сўзлади.

– Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 2021 йилги анжуманига юқори даражада мезбонлик учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига чуқур миннатдорлик билдираман. Мураккаб пандемия даврида бундай йирик анжуманларни ўтказиш осон эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш тизими инқирози шароитида йиллик учрашувимиз замонавий тиббиётнинг отаси бўлмиш Ибн Сино Ватанида ўтказилаётгани катта бахт. Ўзбекистон ислом цивилизацияси ва илм-фанига салмоқли ҳисса қўшган. Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарлар жўшқин исломий, илмий ва маданий мерос ўчоғи бўлган. Бу заминдан етишиб чиққан кўплаб алломалар илмда оламшумул кашфиётлар қилган. Шу жиҳатдан, Ислом тараққиёт банки президенти сифатида унинг йиллик йиғилишида илк бор Ўзбекистон заминида иштирок этаётганим чуқур мазмунга эга, – деди Муҳаммад Ал-Жассир.

Ислом тараққиёт банки президенти 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиққани ва ҳаётга самарали татбиқ этгани учун мамлакатимиз раҳбариятига таҳсин айтди. Ушбу стратегиядаги улкан мақсадларни кўзлаган кенг қамровли режалар Ислом тараққиёт банкининг инклюзив тараққиётни рағбатлантириш ва ижтимоий ривожланишни қўллаб-қувватлаш мақсадларига мос келиши қайд этилди.

Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки гуруҳининг муҳим аъзоси ҳисобланади. Банк молиялаштираётган лойиҳалар мамлакатимиз ва ИТБ ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилганидан далолатдир. Ислом тараққиёт банки мамлакатимизда тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш, катта, ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш учун 141 миллион АҚШ доллари ажратди. Бу каби ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва ИТБ ҳамкорлигида ташкил этилаётган Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси муҳим ўрин тутади. 34 минг кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаши кутилаётган ушбу жамғарма 100 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш ва камбағалликни қисқартиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Анжуманда Ислом тараққиёт банки гуруҳининг Ўзбекистоннинг ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича келгусидаги стратегияларини қўллаб-қувватлашга аҳди қатъий экани яна бир бор тасдиқланди.

Тадбир сўнгида ИТБнинг 46-йиллик йиғилиши юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди. Шунингдек, иқтисодий трансформация йўналишини ўзгартириш, ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича мажлис, хусусий сектор форуми, Ислом тараққиёт банки Трансформация жамғармасининг келажак инновациялари намойиши бўлиб ўтди.

Анжуман 4 сентябргача давом этади. Тадбир доирасида Банк Бошқарувчиларининг ялпи мажлиси, COVID-19 пандемиясидан сўнг бизнесни тиклаш ва рақамлаштиришда хусусий секторни ривожлантириш, денгиздан узоқ мамлакатларни глобал ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларига улаш учун минтақавий интеграцияни қўллаб-қувватлашга доир мажлислар, қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши мўлжалланган.

 

ЎзА