Тошкент шаҳрида Ислом тараққиёт банки Бошқарув кенгашининг 46-йиллик анжумани бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни ушбу анжуманга ташриф буюрди.

Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни қутлаб, Ўзбекистоннинг мазкур банк билан ҳамкорлиги, истиқболдаги муҳим масалалар ҳақида нутқ сўзлади.

– Банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи, деб ҳисоблаймиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Маълумки, Ислом тараққиёт банки гуруҳи 1973 йил ташкил топган. Бош қароргоҳи Саудия Арабистоннинг Жидда шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда банкка 57 та давлат аъзо бўлиб, устав жамғармаси 150 миллиард долларга тенг.

Ўзбекистон Ислом тараққиёт банкига 2003 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳаси маъқулланган. Улар доирасида мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқлари қурилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий жиҳозланган.

Президентимиз Ўзбекистон замини асрлар давомида ислом оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти марказларидан бири бўлганини таъкидлади.

Бу анъаналарни давом эттирган ҳолда, мамлакатимизда ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Имом Бухорий номидаги халқаро ҳадисшунослик маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро ислом академияси ташкил қилинди.

Янги мактаблар, илм-фан масканлари барпо этилди. Сўнгги беш  йилда 64 та янги олий таълим даргоҳи очилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларга ахборот технологиялари бўйича чуқур билим берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтди. Мамлакатимизда инқирозга қарши ишлаб чиқилган чораларни ўз вақтида қўллаб-қувватлагани учун Ислом тараққиёт банкига миннатдорлик билдирди.

Анжуман доирасида Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича келишув имзолангани қайд этилди. Капитали 500 миллион долларга етказилиши кўзда тутилган мазкур жамғарма орқали камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган лойиҳалар қўллаб-қувватланади.

Шавкат Мирзиёев минтақамиздаги экологик муаммоларни қайд этиб, банк бошқарувчилари эътиборини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шаъфелигида тузилган траст жамғармаси ҳамда Оролбўйи минтақасида ташкил этилаётган экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратди.

Минтақамизда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, янги транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги ишлар қайд этиб ўтилди.

Маълумки, бугун дунё мамлакатлари иқлим ўзгариши, йирик миграцион жараёнлар, табиий ресурслар ва озиқ-овқат етишмовчилиги каби синовларга дуч келмоқда. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз  банк фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор таклифларни билдирди.

“Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача яшил йўлак” номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди. Унинг амалга оширилиши ўзаро савдо ва сармоявий алоқалар кенгайишга, мамлакатларнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашиши ва барқарор ўсишига хизмат қилади.

Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси томонидан молиявий инструментларни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Бу эркин савдони рағбатлантириш, инвестициявий хатарларни суғурталаш, транспорт ва логистика инфратузилмаларини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Ковиддан кейинги даврда аъзо мамлакатлар иқтисодиётлари ривожланишига инновацион тус бериш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар жамғармаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни жорий қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланадиган энергия ва экологик технологияларни кенг қўллаш айниқса долзарбдир.

Шунингдек, минтақавий аҳамиятга эга инвестицион ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

– Бугунги халқаро анжуман банк доирасидаги шериклигимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади ва аъзо мамлакатлар халқларининг умумий фаровонлигига катта ҳисса қўшади, – дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.

Тадбирда Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир ҳам нутқ сўзлади.

Анжуман 4 сентябргача давом этади.