Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Навоий вилояти Кармана туманига ташриф буюрди. Бу ерда Ўзбекистондаги дастлабки йирик қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда “яшил энергетика”га ўтиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини таъминлаш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йил 1 июнь куни Президентимиз Сурхондарё вилояти Шеробод туманида қуввати 457 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси пойдеворига капсула қўйган эди. Бундан ташқари, айни пайтда Самарқанд вилоятида ҳам шундай йирик станция қурилиши давом этмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида Кармана туманида қуриб битказилган замонавий қуёш фотоэлектр станцияси Янги Ўзбекистон энергетика тизимидаги биринчи улкан қадам бўлди.
Лойиҳа қиймати 110 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур станциясининг қуввати 100 мегаватт. Уни қуриш бўйича 2019 йилда салоҳиятли компаниялар ўртасида танлов эълон қилинган эди. Танловда Бирлашган Араб Амирликларининг “Abu Dhabi Future Energy Company – Masdar” компанияси энг арзон тариф – 1 киловатт/соат электр энергияга 2,679 АҚШ доллари центи таклиф этиб, ғолиб бўлди.
Бу ерда йилига 252 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Натижада 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна иссиқхона газлари чиқишининг олди олинади.
Энг асосийси, қуёш электр станцияси вилоятдаги 30 мингдан зиёд хонадонни электр энергия билан таъминлаш имконини беради.
Президентимиз Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида шаҳару қишлоқларимизда катта-катта ўзгаришлар бўлаётгани, бунинг замирида юртимиздаги тинчлик, бунёдкор халқимизнинг интилишлари мужассам эканини алоҳида таъкидлади. Кармана туманида ишга туширилаётган ушбу станция мамлакатимиз энергетика тизимида “биринчи қалдирғоч” бўлиб, соҳа ривожида мутлақо янги даврни бошлаб бераётгани қайд этилди.
Маълумки, юртимизда бир йилда ўртача 320 қуёшли кун кузатилади. Лекин шу пайтга қадар ана шу улкан имкониятдан фойдаланилмасдан келаётган эди.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу республикамизнинг бугунги кунда энергияга бўлган жами эҳтиёжидан 8 баробар кўп энергия ишлаб чиқариш мумкин, дегани.
Мамлакатимиз хорижий инвестициялар ҳисобига 2030 йилгача қуёш электр станциялари қувватини камида 5 минг, шамол электр станциялари бўйича эса 3 минг мегаваттга етказишни мақсад қилган.
– Мана шу станция орқали биз бу соҳада қўйилган марраларга етиш мумкинлигини кўрдик. Энди бундай арзон, рақобатбардош ва экологик тоза электр станцияларни янада кўпайтириш керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Келгуси икки йилда Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарёда умумий қуввати 2 минг 100 мегаваттлик 9 та қуёш станцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида 1 минг 600 мегаватт қувватга эга 4 та шамол электр станцияси ишга туширилиши қайд этилди.
Карманада хусусий инвестор томонидан барпо этилган электр станцияси сўнгги икки йилда электр энергияси соҳасида бошланган ислоҳотларимизнинг амалий натижаси, инвесторларнинг мамлакатимизга нисбатан ишончи тобора ортиб бораётганининг ёрқин далили экани таъкидланди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари лойиҳа ишга тушганини англатувчи рамзий дастакни ҳаракатлантирди ва қуёш фотоэлектр станциясидан биринчи электр энергияси тармоққа узатилди.
Маросимда Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Ал-Қемзий ҳамда вилоят фаоллари сўзга чиқиб, мазкур йирик лойиҳа Ўзбекистон билан БАА ўртасида амалга оширилаётган яқин ҳамкорликнинг меваси бўлиб, у халқимиз фаровонлигини янада оширишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Матназар Элмуродов,
ЎзА