Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишини комиссия раиси З.Низомхўжаев олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда Д.Ҳидоятовни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб рўйхатга олиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари мажлис кун тартибидаги биринчи масала – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш бўйича Йўриқномани тасдиқлаш масаласини кўриб чиқди.

Йўриқномада сайлов округлари ва участкаларида, овоз бериш хоналарида сайлов комиссияси аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари учун карантин қоидаларига риоя қилиш талаблари акс эттирилган.

Қайд этилганидек, округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг кириш қисмида ва овоз бериш хонасида ижтимоий масофани сақлаш учун 1,5–2 метр оралиқ масофани белгиловчи ҳамда ҳаракатланиш йўналишини кўрсатувчи чизиқлар бўлиши лозим.

Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларга камида бир нафар тиббиёт ходими бириктирилади. Сайлов округи ҳудудида эпидемиологик вазиятнинг кунлик таҳлили Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бошқармалари томонидан олиб борилади.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди.

Сайлов кодексининг 10, 14 ва 16-моддаларига мувофиқ ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш ҳақидаги тақдимномасига асосан мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 54 та Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаси тузилади.

 

Шунингдек, мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ 3 нафар маҳаллий ОАВ вакили рўйхатдан ўтказилди. Қайд этиш жоиз, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари сони 757 нафар, хорижий ОАВ вакиллари  сони 48 нафарни ташкил этмоқда.

Тошкент вилояти давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайлови бўйича 2021 йил 24 август куни ўтказилган қўшма мажлиси баённомасига асосан Даврон Ҳидоятов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси этиб рўйхатга олинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА