Президент бугунги видеоселектор йиғилишида чиқиндиларни йиғиш ва уларни қайта ишлаш яна ўз ҳолига ташлаб қўйилганини кескин танқид қилди. Экология қўмитаси мутасаддилари ва вилоят ҳокимларига бу иш билан шахсан шуғулланиб, йил якунига қадар йўл қўйилган қолоқликларни бартараф этиш бўйича топшириқ берди.

Наманган шаҳар, Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Наманган туманларида мазкур соҳада хусусий шериклик тизими тўлиқ ўзини оқлаган. Ўтган 6 ойда ушбу ҳудудларда аҳолини санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 79 фоиздан 92 фоизга етиб, тушумлар 2 бараварга ошган.

Ёки, Фарғонада ҳам хусусий шериклар томонидан 7 миллиард сўмлик инвестиция жалб қилиниб, водийда илк бор чиқиндиларни саралаш заводи ишга туширилган.

Президент ҳудудларда чиқинди масаласи билан вилоят ҳокимлари шахсан шуғулланиши, сўров ҳам улардан бўлишини таъкидлади.

Шу боис, хусусий шериклик бўйича тендер комиссияларига вилоят ҳокимлари раҳбарлик қилади. Йиғилишда вилоят ҳокимларига 1 октябрга қадар хусусий шериклик асосида 30 та, йил якунига қадар яна 24 та лойиҳани бошлаш бўйича вазифалар қўйилди.

Вилоят ҳокимлари келгуси йилда соҳада хусусий сектор улушини 60 фоизга етказиш ва 6,5 мингта янги иш ўрни яратишга масъул бўлади.

 

ЎзА