Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Қайд этилганидек, Тошкент шаҳри туманлари, вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда дарахтлар ва экинлар маҳаллий иқлимни инобатга олмасдан, пала-партиш экилаётгани боис кундан-кунга қуриб бораяпти.

– Туман ҳокимлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган. Қани туман ҳокими, қани сектор раҳбари? Шу боис, вилоят ҳокимлари бир ой муддатда Қашқадарё ва Самарқанд тажрибаларини барча ҳудудларда жорий этсин. Вилоят ҳокимлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан бирга ушбу тизимни амалиётга жорий қилишга масъул бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Тошкент шаҳри ҳокимига юзланиб, яшил майсазорлар бизнинг иқлим шароитда ўзини оқламагани, жуда кўп сув исроф бўлаётгани, шу боис бу масалада оптимал таклифларни бериш зарурлигини таъкидлади.

Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев мавзу бўйича тақдимот қилди.

Унинг қайд этишича, ичимлик сувига ҳисоблагичлар ўрнатилгандан сўнг дарахтларни суғориш камайиб кетган. Оқибатда ўтқазилган кўчатлар нобуд бўлмоқда. Ушбу муаммонинг олдини олиш учун пойтахт туман ва маҳаллаларида дарахтлар ва майсазорларни суғориш учун скважиналар қудуқлар қазилади. Бу ҳам Тошкент шаҳрида яшил майдонлар ва дарахтзорларни сақлаб қолиш ва парваришлашда янги ёндашув бўлади.

 

ЎзА