Айни пайтда давом этаётган Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти давомида солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтиришга оид масалаларга тўхталиб ўтилди.
–Сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Кўпчиликнинг эсидан чиққан бўлиши мумкин, яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ушбу йиғимлар корхоналарнинг фойдасидан қатъи назар, оборотдан олиниб, уларнинг миқдори корхоналарнинг камида 20-25 фоиз фойдасига тенг бўлган.
Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобига 7 мингга яқин корхона ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлди. Молк-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга камайтирилди.
Аниқ мисоллар билан гапирадиган бўлсак, транспорт соҳасида солиқ юки – 3 баробар, озиқ-овқат саноатида – 2 баробар, тўқимачилик ва электротехника саноатида эса 20 фоизгача камайди.
Айниқса, пандемия даврида харажатларимиз кескин ошганига қарамай, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди.
Лекин солиқ ставкалари ва солиқ маъмурчилиги бўйича тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган ҳақли саволлар ҳали жуда кўп.
ЎзА