Кейинги йилларда мамлакатимизда ўтказилаётган велоспорт мусобақаларининг савияси ва географияси кенгайиши натижасида иқтидорли спортчиларни аниқлаш бўйича самарали тизим вужудга келтирилмоқда.

18 август куни Нукус шаҳрида 2007-2008 йилларда туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўсмирлар ўртасида велошоссе бўйича старт олган Ўзбекистон чемпионати мазкур ишларнинг кенг қамровли олиб борилаётганлигини кўрсатди.

Спортчилар ва уларнинг ота-оналари учун катта ҳаяжон ва қувонч билан бошланган Ўзбекистон чемпионатида мамлакатимизнинг 80 нафардан зиёд  велоспортга меҳр қўйган ёшлари ўз йўналишларида ғолиблик учун пойгага киришди.

Мазкур чемпионатнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, бундан 40 йил муқаддам Қорақалпоғистонда велоспорт мусобақалари мунтазам ўтказилар эди. Ўтган даврда ўз “манзили”ни унутган велоспорт баҳслари яна қадрдон манзилларига қайтди, дейиш мумкни.

Чемпионатда дастлаб 5 км масофага яккалик йўналишидаги пойгалар ўтказилди. Ушбу масофадаги беллашувларда қорақалпоғистонлик Бексултан Курбаниязов энг яхши натижани қайд этди. У белгиланган масофани 07:24,1 дақиқа ичида босиб ўтиб, Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Кейинги поғоналарни Миллий гвардия қошидаги “Динамо” жамоаси вакиллари Нурсултон Турсунов ҳамда Никита Еремовлар эгаллашди.

Бугун ва эрта ўтадиган пойгаларда эса иштирокчилар 30, 35 ва 40 км масофали мусобақаларда қатнашади. Айтиш лозимки, мазкур чемпионат спортчилар учун 2025 йили Тошкентда ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик босқичини ҳам ўтайди. Боиси, чемпионат доирасида 2005 йилда туғилган спортчи қизлар очиқ биринчилик баҳсларида иштирок этмоқда.

 

Т. Рўзиев, ЎзА