Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги: пойдевори, истиқболлари, геостратегик аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Конрад Аденауер жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси ва Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ташқи сиёсат билан шуғулланувчи маҳкамалар, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ва қатор давлатларнинг етакчи олим ва экспертлари иштирок этди.

Тадбир давомида жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги Тошкент конференциясининг якунлари атрофлича муҳокама ва таҳлил қилинди.

– Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги Тошкент халаро конференцияси кўп жиҳатдан ноёб форум бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев. –Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига кеча берган интервьюсида қайд этганидек, халқаро конференцияда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган янги таклиф ва ташаббуслар нафақат ушбу бепоён минтақа давлатларида, балки жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Конференция Тошкент руҳини яна бир карра намоён этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Тошкент конференциясини юқори баҳолаб, унинг савдо, иқтисодиёт, транспорт, алоқа, маданият ва гуманитар ҳамкорлик йўналишларида ўзаро манфаатли стратегик лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун майдончага айланганини таъкидлашди.

Конференция Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат ва халқаро иқтисодий алоқалар борасидаги янги геостратегик назарини акс эттирди. Сўнгги бир неча асрда илк бор минтақа ўзи учун устувор йўналиш сифатида шаклланаётган янги муҳим минтақани белгилади – бу Жанубий Осиё. Тошкентда бундай кенг қамровли ва ўта нуфузли халқаро тадбир ташкил этилиши ва муваффақиятли ўтказилиши янги геосиёсий воқеликни намойиш қилди. Сўнгги йилларда бутун дунёда таъсири ва обрўйи тобора ортиб бораётган давлат – Янги Ўзбекистон пайдо бўлди.

Анжуман ишида нафақат Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари мамлакатлари, шунингдек, дунёнинг энг йирик давлатлари иштирокини таъминлаш, балки уларнинг нуқтаи назарларини мувофиқлаштиришга муваффақ бўлинди. Бу камдан-кам мамлакатлар уддалай оладиган натижадир.

– Тошкент форуми Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тинчликка эришишга қаратилган изчил сиёсатининг мантиқий давоми бўлди, – дейди Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Насиров. –У Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, кўп асрлик боғланган дўстлик, умумий тарих ва маданият, ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини белгилаб берди.

Конференция ишида 40 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотнинг 250 дан зиёд нуфузли вакили иштирок этди. Бу Марказий Осиёга қизиқишнинг ортиб бораётганидан яққол далолат беради. Конференция иштирокчилари минтақада тинчлик, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсати, шунингдек, қўшни ҳудудлар билан ўзаро алоқаларнинг ривожланиши халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди ва фаол қўллаб-қувватланди. Юқоридаги мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантиришда таҳлил марказлари фаол иштирок этиши муҳим.

Бу йўлдаги амалий қадам сифатида Президентимиз Марказий Осиё халқаро институти негизида бу масалаларнинг барчасини ўрганиш учун доимий равишда малакали тадқиқотчилар гуруҳи тузишни таклиф қилди. Бу йўналишда мазкур институт мақсадли ишларни олиб бормоқда. Ҳозирги кунда институт томонидан хорижий давлатларнинг 16 та таҳлилий маркази ва институтлари билан турли қўшма тадбирлар амалга оширилмоқда. Бошқа таҳлилий тузилмалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаш устида иш олиб борилмоқда.

Конференция иштирокчилари Афғонистондаги сўнгги воқеалар жадал ўзгариб бораётгани минтақадаги вазиятни чуқур ўрганиб, ҳар томонлама таҳлил қилиш, тинчлик ва барқарорликни сақлаш йўлларини топиш, барқарор ривожланиш учун шарт-шароитларни таъминлаш зарурлигини яна бир бор намоён этмоқда.

Тадбир иштирокчилари Тошкент конференциясида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар, шунингдек, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш учун минтақавий ривожланиш ва салоҳиятни оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш бўйича тавсиялар билдиришди.

Умуман олганда, халқаро форум Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича долзарб масалалар муҳокамаси майдонига айланди.

Нурилло Насриев, ЎзА