«23 июль куни Ўзбекистонда давлат президентилигига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланди.
Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 24 октябрни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгилади.
МСК раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг таъкидлашича, сайловлар умумэътироф этилган халқаро стандартлар, шунингдек, демократик тамойилларга жавоб берадиган янги миллий сайлов қонунчилиги асосида – очиқ ва ошкора ўтказилади.
2016 йилги Президентлик сайловларидан сўнг ўтган беш йил мобайнида мамлакат ва халқ ҳаётида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Нуфузли ташкилотлар экспертлари таъкидлаганидек, бу даврда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
«Сайлов – 2021» биринчи марта Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилади. Конституциявий нормалар ва халқаро стандартлар асосида давлат Президенти даврийлик тамойили ҳамда партиялараро рақобат шароитида сайланиши таъминланади.
Сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари учун тенг шароитлар яратилади. Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш ишлари, шу жумладан, овоз бериш жараёни ўз номзодларини илгари сурган сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий ОАВ вакиллари томонидан кузатиб борилади.
Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, барча даражадаги сайлов комиссиялари Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш борасидаги фаолиятини қонунчилик, мустақиллик, ҳалоллик, очиқлик, шаффофлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этмоқда.
МСК Матбуот маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари замонавий ахборот-коммуникация техникалари билан тўлиқ таъминланади. Матбуот маркази Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov – 2021” веб-портали ҳамда бошқа ахборот ресурсларини юритади», — дейилади нашр мақоласида. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Н.Усмонова, ЎзА