Президент Шавкат Мирзиёев 28 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият оғирлашгани, вакцинацияни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади

– Пандемия яна авж олди. Қанча-қанча имкониятимиз ва резервларимиз кетаяпти. Бошқа йўлимиз йўқ, халқимизнинг соғлигини ўйлашимиз керак. Қанча керак бўлса шунча берамиз. Ҳар бир фуқаромизнинг ҳаёти учун курашяпмиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизга яна бир марта мурожаат қилмоқчиман: соғлигингизга ўзингиз масъул ва жавобгарсизлар. Вакцинация, вакцинация, яна бир марта вакцинация, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари 29 июлда мамлакатимизга АҚШдан 3 миллион доза вакцина етиб келаётгани, ҳар бир вилоят ҳокимига вакцинация бўйича тизимли назоратни қўлга олиш юзасидан топшириқ берилганини қайд этди:

– Эмланган беморга тўрт кунда жавоб бериляпти, вакцина олмаганлар жуда қийналяпти. Афсуски, зиёлилар қарши гапириб, одамларни чалғитяпти. Тўғри, вакцина олганлар ҳам касал бўлаяпти, лекин уларда енгил ўтаяпти. Биз, августнинг бошларида “Спутник V” вакцинасини юртимизда ишлаб чиқариш бўйича Россия раҳбарлари билан гаплашяпмиз. Нега? Ҳозирги таҳлиллар кўрсатаяптики, бу бало билан ўн йиллар курашишга тўғри келади, шунга тайёр бўлишимиз керак.

Мен бугун ҳам шу масалада дунё олимларининг фикрларини ўқидим. Улар коронавирус пандемияси ўн йиллар давом этишини тахмин қилаяпти. Шуни инобатга олиб, биз Хитой ва Россия вакцинасини ўзимизда ишлаб чиқаришни ташкил қилаяпмиз. Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, бошқа йўлимиз қолмаяпти. Айниқса, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари вакилларини мажбурий эмлашдан ўзга чорамиз йўқ, – деди Президент.