Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан экспорт ва импорт операцияларининг қисқа фурсатларда самарали амалга оширилиб, юртимиз ташқи савдо айланмаси ҳажмининг ортиши йўлида ҳам қатор чора-тадбирлар бажарилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярми давомида давлат бюджетига божхона тўловларидан 154 миллиард 102 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 38,8 фоизга ошган.

Ҳудуднинг ташқи савдо айланмаси ҳисобот даврида 318,5 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 32,2 фоизга кўпайган.

Бугун мамлакатимизда экспортни рағбатлантириш, импортни оптималлаштириш борасида амалга оширилаётган оқилона сиёсат натижасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали ташқи ва ички бозорларга йўналтирилган жами товарларнинг 71,4 фоизи экспорт божхона режимига расмийлаштирилган бўлса, 28,6 фоиз маҳсулотлар юртимиз ҳудудида эркин муомалага чиқарилган.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Ахборот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, ҳудуднинг экспортбоп маҳсулотлари ҳисобланувчи пластмассадан ясалган буюмлар (полиэтилен), ип-калава, фармацевтика, кимё-саноати маҳсулотлари, тирик ҳайвонлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари асосан, Хитой, Туркия, Россия, Қозоғистон, Латвия ва Украина бозорларига йўналтирилган.

Импорт товарларнинг асосий бўлаги Россия, Хитой, Қозоғистон, Швеция, Корея, Туркия, Германия давлатларидан олиб келинган дастгоҳ ва асбоб-ускуналар, кимё-саноати, озиқ-овқат, нефть ва нефть маҳсулотлари ҳамда ёғоч ва тахта маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.

Бугун мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз фаолиятларини янада кенгайтиришлари учун шароит яратиш мақсадида имтиёзлар тақдим этиш услуби жорий этилган. Бу эса ўз ўрнида тадбиркорлик субъектларининг божхона тўловларидан тежалган маблағларини маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириб, янги иш ўринлари яратилишига замин яратмоқда.

Бошқарма томонидан тегишли қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тадбиркорлик субъектларига жорий йил бошидан божхона тўловларидан 89,6 миллиард сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар тақдим этилган.

Хавфни бошқариш тизими асосида бошқармага қарашли ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан ҳисобот даврига олинган январь-май ойлари давомида жами 10772 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлиб, йўлаклар бўйича таҳлил қилинганда, 7228 та (67 фоиз)“яшил”, 2600та (24 фоиз) -“сариқ” ва 944та (9 фоиз)“қизил”йўлак орқали расмийлаштирилган.

Божхоначилар томонидан 2021йилнинг январь-июнь ойлари давомида божхона соҳасига оид қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 196 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қиймати 2,83 миллиард сўмлик товар-моддий бойлик ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 4 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Контрабанда ашёлари ноқонуний ҳаракатининг олдини олиш борасида гиёҳвандлик моддалардан 102,35 гр. опий, 5,2 гр. “марихуанна”, 1 туп “каннабис”, 1,83 гр. гиёҳвандлик ўсимлиги уруғи ва 999 таблетка “Трамадол” номли гиёҳвандлик воситаси, кучли таъсир қилувчи 12 флакон “Тропикамид” ва 13 капсула “Регапен” дори воситалари, психотроп моддалардан 52 дона аниқланди. Шунингдек, қурол-яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддалардан 6 дона ўқ-дори, 16 дона гильза ва 1, 15 кг. дробь маҳсулотлари ноқонуний айланмасининг олди олинди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА