Тошкентда 1 июль куни “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари иштирокида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё минтақалари ўртасида биринчи марта оффлайн тарзда ўтказилмоқда.
Унда Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарларининг ўринбосарлари ҳамда Европа ташқи фаолият хизмати бош котиби ўринбосари иштирок этди.
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги юқори даражали мулоқотнинг йиллик учрашувлари 2013 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.
Тадбир доирасида чегараларни бошқариш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ҳамда минтақавий экологик муаммолар муҳокама қилинди.
Минтақалараро ҳамкорлик доирасида аввал эришилган келишувларни амалга ошириш якунлари ҳамда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” шаклида турли даражада ўтказиладиган тадбирлар режаси юзасидан қатор таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, 15-16 июль кунлари Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий, сиёсий ва инвестицион алоқаларни кенгайтиришга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтиши алоҳида қайд этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар фаол ривожланмоқда, алоқалар кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон ташаббус доирасида ЕИ билан иқтисодий барқарорликни таъминлашга катта эътибор қаратмоқда.
– Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида бир қатор тадбирлар белгиланган. Жумладан, октябрь ойида Душанбе ва Бишкек шаҳарларида ЕИ ва Марказий Осиё минтақалари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик юзасидан учрашувлар режалаштирилган, – деди Ташқи ишлар вазирлигининг Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси биринчи котиби Шарофиддин Мирзоқулов.
Учрашувда коронавирус пандемияси шароитида ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳаларида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА