30 июнь – Ёшлар куни. Янги Ўзбекистонда келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш ёш авлодни қўллаб-қувватлаш мақсадида эълон қилинган шукуҳли байрам.

Бундан роппа-роса тўрт йил муқаддам Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар ҳаракати қурултойида қатнашиб, 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни, деб эълон қилишни таклиф этган эди. Шундан буён ушбу сана юртимизда катта байрам сифатида нишонланиб келмоқда.

Ёшлар куни муносабати билан жорий йилда Тошкент Ботаника боғида Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни мазкур форумга ташриф буюрди.

Форум ўтаётган Ботаника боғи байрамона безатилган. Ёшларнинг илм-фан, технологиялар, адабиёт, санъат каби соҳаларда эришаётган натижаларини акс эттирувчи кўргазма ва намойишлар ҳудудлари ташкил қилинган.

Давлатимиз раҳбари ушбу кўргазмалар бўйлаб юриб, ёшларнинг ихтиролари, маҳорати, бадиий чиқишларини кўздан кечирди. Улар билан суҳбатлашиб, ўқиш ва изланишларига муваффақиятлар тилади.

Президент байрам тадбири майдонига келиб, барча йигит-қизларни Ёшлар куни билан табриклади.

Маълумки, ушбу айём Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимизни муносиб кутиб олиш учун бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида ёшларимиз ҳам фаол иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари юртимиз бўйлаб 6 миллионга яқин ғайрати баланд, интилувчан ўғил-қизлар иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваллар барча ёшларимиз учун етуклик ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлганини таъкидлади:

– Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида сиз, азиз ёшларимизнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётганингиз, юксак таҳсинга сазовордир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада алоҳида давлат ташкилоти – Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилган. Бундан ташқари, Ёшлар иттифоқи, унинг ҳузурида ўттиздан ортиқ нодавлат ташкилотлар фаолият юритмоқда. Барча шаҳар ва туманларда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури, турли соҳаларни қамраб олган “Беш ташаббус” амалга оширилмоқда.

Жорий йил мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилингани ҳам ёшларга эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшлар бандлигини таъминлаш. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар, ташаббус ва янги тизимлар замирида ана шу мақсад мужассам.

Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Умуман, барча мактабларга эътибор, ўқитувчиларга рағбат ва ҳурмат ошди. Ёш авлодда билимга интилиш кучайди.

Ўтган бир йилда билимли ва зукко ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида 4 та олтин, 18 та кумуш ва 29 та бронза медалларини қўлга киритди. Жорий йилда Президент мактабларини тамомлаган 96 нафар ўқувчининг барчаси муддатидан аввал нуфузли хорижий олийгоҳларга грант асосида ўқишга кирди.

Ўсиб келаётган билимга чанқоқ ёшларнинг талабига мос равишда олий таълим муассасалари сони 127 тага етказилди, 26 та хорижий университетнинг филиаллари очилди. Охирги 5 йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 мингтага етказилди. Бу – умумий қамров 28 фоиз бўлади, деганидир. 4 йил илгари бу кўрсаткич атиги 9 фоиз эди.

Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани минглаб оилаларга қувонч олиб кирди.

Бу йил яна бир олий таълим маскани – “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилди. Янги ўқув йилида унга 300 нафар ёшлар қабул қилинади.

Бандлик масаласини олсак ҳам, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилганини кўриш мумкин. Сўнгги 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар 500 мингдан ошгани бунинг яққол далилидир.

Амалий ишлар натижасида ўтган 8 ой мобайнида “ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, “темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабанинг контракт пули тўлаб берилди.

Бу йилдан бошлаб, иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ суммасини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Шунингдек, касб-ҳунар мактаби ва техникумлар ўқувчиларига корхоналарда амалиёт ўтаган даври учун 6 ой давомида 500 минг сўмдан субсидия бериш жорий этилгани ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун катта рағбат бўлди.

Бу йил 92 мингдан зиёд ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Ҳудудларда ташкил этилган 186 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги 3 мингта лойиҳа доирасида 50 мингта янги иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, санъат ва спорт билан шуғулланиш, ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29 июндаги фармонига мувофиқ, ўзининг ижодий ва интеллектуал салоҳияти, танлаган касб йўналиши ва ижтимоий ҳаётда эришган муҳим натижалари билан турли соҳаларда юртимиз равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган фаол ёшлар орден ва медаллар билан мукофотланган эди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари ушбу мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Мукофотланганлар юксак ишонч ва эътибор, ёшларга яратилаётган имкониятлар учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, ўқиш ва интилишда фаол давом этиши, янада катта натижаларга эришиб, давлатимиз ишончини оқлашини таъкидладилар.

– Билимли ёшлар – келажак пойдевори. Бугунги ҳаракатларингиз билан ўз келажагингизга асос соляпсизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари форумга йиғилган йигит-қизлар билан мулоқот қилди. Ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, улар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

– Ёшларга қаратаётган эътиборимиз натижалар бераётганини кўриб, хурсанд бўлдим. Бугун ҳеч бир соҳа йўқки, ёшлар муваффақиятга эришмаётган бўлса. Ёшларнинг йўлини очиб берсак, уларга елкадош бўлсак, янада улкан натижаларга эришамиз. Менинг энг катта ишонган кучим, давлатимизнинг энг катта бойлиги – бу ёшлар, – деди Президент.

Тадбир катта концерт дастури билан якунланди.

 

ЎзА