Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29 июндаги фармонига мувофиқ, ўзининг ижодий ва интеллектуал салоҳияти, танлаган касб йўналиши ва ижтимоий ҳаётда эришган муҳим натижалари билан турли соҳаларда юртимиз равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган фаол ёшлар орден ва медаллар билан мукофотланган эди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари ушбу мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Мукофотланганлар юксак ишонч ва эътибор, ёшларга яратилаётган имкониятлар учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, ўқиш ва интилишда фаол давом этиши, янада катта натижаларга эришиб, давлатимиз ишончини оқлашини таъкидладилар.
– Билимли ёшлар – келажак пойдевори. Бугунги ҳаракатларингиз билан ўз келажагингизга асос соляпсизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари форумга йиғилган йигит-қизлар билан мулоқот қилди. Ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, улар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
– Ёшларга бераётган эътиборимиз натижалар бераётганини кўриб, хурсанд бўлдим. Бугун ҳеч бир соҳа йўқки, ёшлар муваффақиятга эришмаётган бўлса. Ёшларнинг йўлини очиб берсак, уларга елкадош бўлсак, янада улкан натижаларга эришамиз. Менинг энг катта ишонган кучим, давлатимизнинг энг катта бойлиги – бу ёшлар, – деди Президент.
Тадбир катта концерт дастури билан якунланди.