Президентимиз Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш масаласи ҳақида ҳам сўзлади.

– Мени доимо ўйлантирадиган, ташвишга соладиган яна бир долзарб масала, бу – ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, маданий савияси, бир сўз билан айтганда, тарбияси билан боғлиқ.

Биз бу йўналишда катта ишларни амалга оширяпмиз. Аммо уларнинг самарадорлигини янада кучайтириш учун қуйидаги масалаларга жиддий эътибор беришимиз зарур.

Биринчидан, ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Фарзандларимизга мўлжалланган бадиий адабиётларни кўпайтириш ва уларнинг муаллифларини рағбатлантириш мақсадида “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танловини ўтказиш йўлга қўйилади.

Бунда муаллифлар учун биринчи ўринга – 100 миллион сўм, иккинчи ўринга – 75 миллион сўм, учинчи ўринга – 50 миллион сўм мукофот берилади, – деди Шавкат Мирзиёев.