Аввал хабар қилинганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшларини бугунги байрам – Ёшлар куни билан табриклади.
– Ҳеч шубҳасиз, ушбу айём Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтаётгани, унга янада чуқур мазмун ва кўтаринки кайфият бағишламоқда.
Шу кунларда энг улуғ ва энг азиз байрамимизни муносиб кутиб олиш мақсадида бутун мамлакатимиз бўйлаб катта бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Янги-янги саноат корхоналари, замонавий уй-жойлар, коммуникация ва инфратузилма тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилмоқда.
Албатта, бутун халқимиз қатори, Сизлар ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этмоқдасиз.
Юртимиз бўйлаб 6 миллионга яқин ғайрати баланд, интилувчан ўғил-қизларимиз иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваллар, барча ёшларимиз учун етуклик ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлди.
Ушбу фестиваллар бундан буён нафақат вилоят марказларида, балки ҳар бир туман ва шаҳарда ўтказиб борилади, уларда кўтарилган масалалар ечими бўйича, ҳар йили Ҳукумат алоҳида дастурлар қабул қилади.
Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида Сиз, азиз ёшларимизнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётганингиз, алоҳида таҳсинга сазовордир, – деди Шавкат Мирзиёев.