Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманидаги Саховат маҳалласи ҳаёти билан танишди.
Маҳалла ҳудуди 18 гектар бўлиб, 2016 йилда ташкил этилган. 41 та кўп қаватли уйда 6 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда битта мактаб ва иккита мактабгача таълим муассасаси бор.
Илгари бу маҳалла эътибордан четда қолган эди. Жорий йилда “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилиб, янгидан чирой очди. Маҳалла гузари, Саховат боғи, савдо дўконлари барпо этилди. Йўлаклар тартибга келтирилиб, болалар ўйингоҳлари, автотураргоҳ ташкил қилинди.
Давлатимиз раҳбари ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Маҳалладаги ижтимоий муаммолар манзилли ҳал этилмоқда. Масалан, турар жойга муҳтожларга уй ва субсидиялар берилди. Ишсиз аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида қиймати 5 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Хусусан, мебелсозлик мажмуасини ишга тушириш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари маҳалла дўконини ҳам кириб кўрди.
Маҳалла аҳли билан суҳбатда бугунги ўзгаришлар, тинчлик-осойишталикнинг қадри ҳақида мулоқот бўлди.
– Сергелида кўплаб уй-жойлар қурдик, янги-янги корхоналар кириб келаяпти. Бу ўзгаришлар одамлар ҳаётида сезилиши муҳим. Энди тумандаги ҳар бир маҳалла шундай обод бўлиши керак. Аҳоли бу ерда сайр қилиб, пиёда юриб, соғлиғини мустаҳкамлаб, ҳаётдан рози бўлиб яшаса, мақсадимиз шу. Сизларнинг бахтингиз – менинг бахтим, – деди Президент.
Жорий йилда “Обод маҳалла” дастурига кўра Тошкент шаҳрига 1 триллион 300 миллиард сўм ажратилган. Бунинг эвазига маҳаллаларда 937 километр ичимлик ва оқова сув, газ, электр тармоқлари, 545 километр ички йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.