Нукус шаҳридаги Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган ижод мактабида очиқ эшиклар куни тадбири бӯлиб ӯтди.

Ижод мактабининг фаолияти ва ўқишга қабул қилиш жараёнлари билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Оролбӯйи шаҳар ва туманларидан умумтаълим мактабларининг ӯқувчилари, уларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда ёшларнинг истеъдоди ва қобилиятини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг илм-фанни эгаллашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорини рўёбга чиқариш борасида кенг кӯламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, иқтидорли ўқувчиларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, болаларда комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантириш мақсадида ижод мактаблари ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Нукус шаҳрида ташкил этилган Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган ижод мактаби шулар жумласидандир. Мактабда ўқувчи ёшларга буюк аждодларимиз ва адибларимизнинг, шу жумладан, И.Юсуповнинг бой ижодий меросини ўргатишга йўналтирилган комплекс ўқув-тарбия жараёнлари йўлга қўйилган.

Бугунги кунда ижод мактабида жами 239 нафар иқтидорли ёш таълим олмоқда. Бу ерда ўқувчиларнинг ҳар томонлама чуқур билим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, уларнинг бӯш вақтларини мазмунли ӯтказиш мақсадида 24 та фан, 7 та бошқа йӯналишдаги тӯгарак фаолият олиб бормоқда.

2020-2021 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ӯтказилган фан олимпиадасининг шаҳар босқичида ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси Манзура Досназарова кимё фанидан, 11-синф ӯқувчиси Айжамал Кенжебаева рус тилидан, 11-синф ӯқувчиси Гулойда Назаримбетова ӯзбек тили ва адабиёти фанидан биринчи, 9-синф ӯқувчиси Дилноза Жуманиёзова ӯзбек тили ва адабиёти фанидан иккинчи, 9-синф ӯқувчиси Гулхумор Жақсилиқова қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан учинчи ӯринларни эгаллади. Жорий ӯқув йилида мактабнинг 24 нафар битирувчисидан 4 нафари олтин, 2 нафари кумуш медали билан тақдирланди.

Бундан ташқари, 8-синф ӯқувчиси Айнура Олимжонова “Ёш китобхон-2021” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида биринчи, мамлакатимиз босқичида иккинчи, 10-синф ӯқувчиси Лола Нурпӯлатова “Ӯзбекистон менинг бахтим, менинг келажагим” мавзусидаги иншолар танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида учинчи, 9-синф ӯқувчиси Феруза Ӯринбоева Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб ижод мактаблари ӯқувчилари ӯртасида ӯтказилган “Митти юлдуз жилолари” онлайн кӯрик-танловида иккинчи, Ӯзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан ҳамкорликда “Ижод боғидан гулдаста” тӯплами нашрдан чиқарилиб, унда мактаб ӯқувчиларидан Асадбек Қуралтоев ҳамда Бийбижамал Рейимбоеванинг бир қанча шеърлари киритилди. Мазкур тӯпламнинг сентябрь ойидаги сонида 12 нафар ӯқувчининг ижодий ишлари чоп этилди.

Шунингдек, мактабда жорий йилнинг май ойидан бошлаб “Аязий” бадиий-адабий журнали чоп этиб келинмоқда. Жорий ӯқув йилида 8 нафар ӯқувчининг, жумладан, 8-синф ӯқувчилари Аниса Каримбаеванинг “Энг зӯр совға”, “Менинг овулим”, Гулниса Асаматдинованинг “Доно отам”, 10-синф ӯқувчилари Дилафруз Жақсимуратованинг “Давқоранинг қизиман”, Бийбижамал Рейимбоеванинг “Боғимдаги қуш”, “Армон” ҳикоя ва шеърий тӯпламлари нашрдан чиқди. Ижод мактабида “Ердаги юлдузлар” адабий-драма клуби ташкил этилган бӯлиб, унда ӯқувчилар таниқли драматургларнинг асарларидан парчалар ҳамда қисқа асарларни саҳналаштириб келмоқда.

Мактабда Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тойир, Рустам Мусурмон, Ғайрат Мажид, Кенесбой Каримов, Муратбой Низанов каби таниқли адиблар иштирокида адабий таржима, публицистика, драматургия, адабий жараён, сӯзлаш маданияти мавзуларида маҳорат дарслари, давра суҳбатлари ӯтказилди.

Ӯзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг2020 йил 11 март кунги “Ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ижод мактабини оталиққа олиш ва ривожлантириш учун бириктирилди. Университетнинг чет тиллар факультети билан ҳамкорликда “IELTS» тӯгараги ташкил этилди. Келгуси ӯқув йилидан бошлаб ёшларнинг компьютер ва ахборот технологиялари билан қизиқишларини орттириш мақсадида замонавий IT ҳамда робототехника тӯгарагини ва электрон кутубхона очиш режалаштирилган.

Тадбир иштирокчилари ижод мактабида ӯқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА