Нукусда илк маротаба соҳил кураши бўйича Қорақалпоғистон чемпионати бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада шаҳар ва туманлардан жами 200 нафардан зиёд полвон иштирок этди.
Икки кун давом этган мусобақада ғолиблар аниқланди. Ўз вазн тоифаларида эркаклар ўртасида Қораўзак туманидан Алтинбой Тилеўниязов, Қўнғирот туманидан Қуролбек Аяпов, Нукус шаҳридан Азизбек Генжебоев, Чимбой туманидан Сийпатдин Нуратдинов, Нукус туманидан Заҳириддин Зайтов, қизлар ўртасида Хўжайли туманидан Зуҳра Исакова, Умида Жуманиязова, Нафиса Рейимбоева, Нукус шаҳридан Гулқумор Жанназарова, Мўйноқ туманидан Сабрина Узоқбоева ва бошқалар биринчи ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон чемпионлари бўлди.
–Соҳил кураши бўйича чемпионат илк маротаба ўтказилишига қарамасдан барчада яхши таассурот қолдирди, – дейди 52 килограмм вазн тоифасида ғолиб Умида Жуманиязова. – Тошкент шаҳрида самбо бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган бўлсам, белбоғли кураш ва дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Энди соҳил кураши бўйича мамлакатимиз чемпиони бўлишни мақсад қилганман.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ғолиблар 22-27 июнь кунлари Наманган вилоятида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионатига йўлланма олди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат) ,ЎзА