Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Сўғд вилояти Ғафуров туманидаги “Вахдати миллат” боғига ташриф буюрди.
Сўғд вилояти Сирдарё бўйида жойлашган бўлиб, деҳқончилик учун жуда қулай. Бу ерда мева-сабзавотчилик ривожланган. Тожикистонда етиштириладиган жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 43 фоизи Сўғд вилояти ҳиссасига тўғри келади.
“Вахдати миллат” боғи 2008 йилда ташкил этилган. Унинг майдони 700 гектар бўлиб, шундан 500 гектарида мевали дарахтлар ўтқазилган. Боғ ҳудудида қарийб 300 тонна сиғимли совутиш омбори ҳам бор.
2018 йилдан бошлаб бу ерда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Бугунги кунда тўртта ҳавзада оқ амур, хумбош ва сазан каби балиқ турлари етиштирилмоқда.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда. Олий даражадаги учрашувлар чоғида бу борада кўплаб шартномалар имзоланган. Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи чоғида ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди.
Президентлар боғда ташкил этилган Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Мева-сабзавотларни ўзаро етказиб бериш, сақлаш ва экспорт қилиш бўйича соҳа мутасаддиларига кўрсатмалар берилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи якунланди. Хўжанд халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кузатди.