Президент Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳридаги “Дўстий” майдонида Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Сўнг “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди.

Тадбирда Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Тожикистоннинг юксак мукофоти – I даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Орденни давлатимиз раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тантанали равишда топширди.

Давлатимиз раҳбари юксак эътибори учун миннатдорлик билдириб, ушбу мукофот катта ҳурмат ва ишонч ифодаси, халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эътирофи эканини таъкидлади.

Мамлакатларимиз яқин қўшни, халқларимизнинг муқаддас ерию суви, дини бир, тарихи ва тақдири, ташвишу шодликлари муштарак экани қайд этилди.

– Бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантириб, катта мақсадларимизга эриша оламиз. Биз доим бир-биримизга таянч бўлишимиз, ҳар қандай қийинчилик ва синовларни елкама-елка енгиб ўтишимиз лозим, – деди Ўзбекистон Президенти.

Кейинги йилларда икки томонлама муносабатларда улкан ўзгаришлар рўй бериб, уларни Ўзбекистон ва Тожикистондаги миллионлаб одамлар ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда.

Бу Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг янги модели, янги муҳитида ўз аксини топмоқда. Энг муҳими, барча саъй-ҳаракатларимиз ва амалий ишларимиз халқларимиз манфаатлари ва орзу-интилишларига тўлиқ мосдир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз икки мамлакат санъат усталарининг бундай концертлари халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айлангани, санъат халқларни яқинлаштиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

– Инсонга турли чегаралар ўрнатиш хос бўлса, санъат чегара билмайди, унинг буюк вазифаси – одамларни бирлаштириш. Меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш – халқларимизнинг азалий орзуси ва самимий интилишидир. Биз ҳам, икки давлат раҳбарлари – ўртамиздаги чегаралар бизни ажратишга эмас, фақат бирлаштиришига хизмат қилиши учун бундан буён ҳам ҳаракат қиламиз.

Тинчлик ва осойишталикни асраш, келажак авлодлар учун мамлакатларимизнинг барқарор ва изчил тараққиётини таъминлаш – умумий бурчимиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Концерт дастурида истеъдодли санъаткорлар халқларимиз маданиятининг бойлиги, ўзига хослиги ва шу билан бирга муштараклигини намойиш этдилар.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи давом этмоқда.