Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни Қатар Давлати Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Кўп қиррали Ўзбекистон-Қатар муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари икки томонлама ҳамкорлик суръати кейинги йилларда жадаллашиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Хусусан, юқори даражадаги ташрифлар ва сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди, товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсмоқда. Ишбилармонлик ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни рағбатлантириш мақсадида Қатар фуқаролари Ўзбекистонда бўлиши учун виза тартиби соддалаштирилди.

Ўзбекистон Президенти Қатар Амири шайх Тамим Ол Сонийни расмий ташриф билан мамлакатимизга келишга яна бир бор таклиф этди.

Қатар делегацияси раҳбари, ўз навбатида, илиқ қабул учун Ўзбекистон етакчисига самимий миннатдорлик билдириб, Қатар Амирининг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Суҳбатда давлатимиз раҳбари биринчи навбатда савдо, инвестициявий, инновациявий, молиявий-техник соҳаларда, шунингдек, бугун имзоланган Ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ – транспорт соҳасида амалий шерикликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш муҳим эканини таъкидлади.

Қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш, Қатарнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтларини жалб қилган ҳолда саноат тармоқларида замонавий ишлаб чиқаришларни ишга тушириш, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, инфратузилмани модернизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, таълим, фан, маданият ва зиёрат туризми соҳаларида алмашинув дастурларини амалга оширишдан икки мамлакат ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Халқаро сиёсатга доир ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Қатар ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга ва ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади ва қўллаб-қувватлади.