Жорий йилнинг 1 июлдан берилиши керак бўлган субсидия миқдори тухум учун 3 баравар (ҳар бир сотилган тухумга 150 сўм), парранда гўшти учун эса 2 баравар (ҳар бир килограммига 1,5 минг сўм) оширилади.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва хизматларни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда чорва, парранда ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш бўйича вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишда айтилди.

Хусусан, омихта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга айланма маблағни тўлдириш ва паррандачилик лойиҳалари учун кредитларнинг Марказий банк асосий ставкасидан юқори қисми қоплаб берилади.

Паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплекс лойиҳалари бўйича харажатларнинг бир қисми компенсация қилинади.Паррандачилик корхоналари учун фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

Паррандачилик лойиҳаларини амалга оширишга “Микрокредитбанк” (Бўтаев) масъул бўлади ва унга давлат томонидан 50 миллион доллар ресурс ажратилади. Ишлар натижасига қараб, яна 50 миллион доллар берилади.

–Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари янги лойиҳалар ортидан қувмасдан, икки ҳафта муддатда мавжуд корхоналарни йил якунига қадар тўлиқ қувватларга чиқишини таъминлаш бўйича дастурларни тасдиқласин,– деди давлатимиз раҳбари.– Сурхондарёда бошланган тажриба асосида аҳоли хонадонларида парранда (товуқ, курка, ўрдак, ғоз) етиштиришга туман сектор раҳбарлари шахсан масъул бўлади.Бунда, туман ҳокимлари икки ой муддатда хусусий шериклик асосида ҳар бир секторда камида 1 тадан мини-инкубатор, маҳсулотларни сақлаш учун музлаткичлар ташкил этсин.

 

ЎзА