Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаевни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага чиққанини мамнуният билан қайд этди.

Сенат раиси Маулен Ашимбаев, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчисига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Пандемия оқибатларини биргаликда енгиб ўтиш мақсадида ҳукуматлар, ҳудудлар ва тадбиркорлар даражасида фаол алмашинувлар давом этмоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди. Машинасозлик, тўқимачилик саноати, транспорт, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида йирик кооперация лойиҳалари тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги дастурлар қайта тикланди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболдаги кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этиши, ҳудудлар маъмуриятлари ва ишбилармон доираларни кенг жалб қилган ҳолда янги ташаббуслар ва аниқ лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳамкорлик ва ўзаро мувофиқлашувни кучайтириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.