Президентимиз Сурхондарё вилояти фаоллари йиғилишида воҳанинг саноат салоҳиятини жадал ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб берди.

– Умуман, вилоятда саноат соҳаларини жадал ривожлантириш учун А.Воитов бошчилигида махсус Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилади, – деди давлат раҳбари. – Бир ой муддатда саноат соҳасидаги жами қиймати 928 миллион АҚШ доллар бўлган 56 та қўшимча истиқболли лойиҳанинг ҳар бирини чуқур ўрганиб, ташаббускори ва молиялаштириш манбасини аниқ белгилаган ҳолда, уларни амалга ошириш бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқласин. Бунда Бойсун, Сариосиё, Шерободни – қурилиш материаллари, Қизириқ – енгил, Олтинсой – озиқ-овқат, Ангор – чарм, Бандихон, Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, ушбу туманларда тегишли кластерлар ташкил этиш чоралари кўрилсин.

Президент Шавкат Мирзиёев Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонасини ташкил этиш лозимлигини қайд этди. Ихтисослаштирилган 8 та туманда саноатни ривожлантириш учун зарур бўладиган жами 674 километр сув, электр, газ, йўл, алоқа тармоқларини қуриш бўйича манзилли лойиҳалар рўйхати шакллантирилиши белгиланди.

 

ЎзА