Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида барча соҳаларни жадал ривожлантириш бўйича келгуси 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирларга кўра, ҳар бир туманда 2 тадан фаолият тури ўзига хос “ўсиш нуқта”си этиб белгиланган.

Шундан Элликқалъа туманида туризм ва иссиқхоначилик драйвер соҳа этиб белгиланди. Бу бежизга эмас. Чунки ҳудуддаги тарихий объектлар – қалъалар, Элликқалъанинг асосий туристик йўналишларидан бирига айланиши кутилмоқда. Шулардан рўйхатга олинган 21 таси бугунги кунда халқаро туризм маршрутига киритишга лойиқ бўлган қалъалар ҳисобланади. 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли туристлар оқими анча камайгани билан туманга ички туризм йўналишида “Норинжон бобо”, “Кечирмас ота зиёратгоҳи ва шифо маскани”, археологик ёдгорликлар ва бошқа туристик объектларга 40 минг нафардан ортиқ зиёратчи ва саёҳатчи ташриф буюрган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, туманда 21 та археология ва 1 та архитектура ёдгорлиги, 10 та монументал санъат ёдгорлик, 5 та диққатга сазовор жой ва 2 та зиёрат туризми объекти мавжуд бўлиб, ҳозирда бир нечта туристик хизмат кўрсатувчи субъектлар фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, 2019 йил давомида бу тарихий объектларни кўриш учун келган сайёҳлар ҳажми 50 минг нафардан ошган. Улар асосан, Тупроққалъа, Аёзқалъа, Катта Гулдурсунқалъа тарихий обидаларига ташриф уюштирган.

– Ўтган йиллар мобайнида туризм соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилди, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Элликқалъа туманидаги вакили Азизбек Абдуллаев. – Жумладан, боулинг ва фитнес клуб – соғломлаштириш маркази фойдаланишга топширилди. 6 та янги кафе-ресторан очилиб, 190 ўринга мўлжалланган 3 та замонавий меҳмонхона фаолиятини бошлади, 6 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди. Ақчакўл бўйидаги туристик комплексда 2 та оилавий дам олиш учун вилла қурилди.

Сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида туризм объектларида 5 та ахборот тахтаси ўрнатилди. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва уларни сақлаш мақсадида “Тупроққалъа” археологик объектида 200 миллион сўмлик, “Катта Гулдурсун” археологик объектида 600 миллион сўмлик консервация ишлари олиб борилди.

Туманга ташриф буюрувчи туристларнинг вақтини мароқли ўтказиш мақсадида фольклор ансамбли ташкил қилинди. 2020 йилнинг январь ойида туманнинг туристик салоҳиятини намоён этувчи “Элликқалъа – туризм ўчоғи” мавзусида халқаро илмий, иқтисодий ва маданий-маърифий анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, ички ва зиёрат туризмни янада ривожлантириш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан туман аҳолиси, ташкилот, муассасалар ходимлари ва ёшларни мамлакатимиз бўйлаб саёҳатга чиқишларини ташкил этиш бўйича режа-графиклар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Улар асосида 11 минг нафардан ортиқ туман фуқароларини саёҳатга чиқиши ташкиллаштирилади.

Шунингдек, тумандаги “Норинжон бобо” зиёратгоҳи, “Кечирмас ота зиёратгоҳи ва шифо маскани”, археологик ёдгорликларга ва бошқа туристик объектларга 50 минг нафардан ортиқ зиёратчини жалб қилиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Бундан ташқари, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Уммон, Эрон, Туркия, Индонезия, Малайзия, Хитой, МДҲ ва қўшни республикалардан мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлардан 10 минг нафарга яқинини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда туманга ташрифини ташкиллаштириш режалаштирилган.

Туманда Ақчакўл бўйида “Тупроққалъа Тур” масъулияти чекланган жамияти томонидан 120 ўринли меҳмонхона ва 5 та оилавий дам олиш учун виллалар қуриш, Сахтиён шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида “Temur Elbek” оилавий корхонаси томонидан Туристик марказ ташкил этиш, туман марказида “Odil Baxori” хусусий корхонаси томонидан ўтов уйларини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Шунингдек,“Sharbat” масъулияти чекланган жамияти томонидан А-380 халқаро автомагистрали бўйида мотел қурилиб, оилавий меҳмон уйлари сонини 20 тага етказиш назарда тутилмоқда.

Ақчакўл атрофида туризм инфратузилмасини яратиш ва 300 ўринга мўлжалланган туристик мажмуа барпо этилади. Бунда, йўл ва коммунал-муҳандислик инфратузилмасини яратиш, чўмилиш пляж ва пляж спорти майдончаларини ташкил этиш, овқатланиш жойлари, қайиқ ижараси ва қутқарув хизмати ташкил қилиш, 1,5 километр пиёдалар ва велосипедда сайр қилиш йўлакчасини қуриш ишлари олиб борилади. Тунги ёритиш чироқларини ва соҳил бўйлаб дам олиш ўриндиқлари ўрнатиш, 2 та автотураргоҳ, кўл қирғоғига искала, ўтовлар ва енгил конструкцияли жойлаштириш воситалари қуриш, оптик толали интернет линияси тортиб келиш, ҳар йили бир марта анъанавий тарзда байдарка сув спорти мусобақасини ўтказиш режалаштирилган. Ёшлар туризмини ривожлантириш мақсадида туман барча ёшларини жалб қилган ҳолда тунги пляж концертлари ташкил этилади.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва уларни сақлаш мақсадида “Тупроққалъа”, “Катта Гулдурсун қалъа”, “Аёзқалъа” ва “Қўрғошин қалъа” археология ёдгорликларида консервация ва реставрация ишлари олиб борилади. Аёзқалъа мажмуаси, Катта Гулдурсун, Катта Қават қалъа, Катта Қирққиз қалъа, Тупроққалъа, Абдулла Норинжон бобо мақбараси объектларида маълумот берувчи билбордлар ўрнатилди.

Тумандаги Сахтиён шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида 2021-2022 йилларда туризм инфратузилмасини яратиш, ҳудудга “Туризм маҳалла”си мақомини бериш назарда тутилмоқда. Туризмни ривожлантириш ва янги туризм хизматларини йўлга қўйиш мақсадида ташаббускорлар ва тадбиркорлар билан доимий учрашувлар ташкил қилиб, уларни соҳага жалб қилиш чоралари кўрилади. Тумандаги ҳунармандларни жалб қилган ҳолда жойлардаги ҳар хил туризм объектлари рамзи туширилган сувенирлар ва ҳунармандчилик буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, туристик объектлар ёнида ҳунармандларнинг ушбу маҳсулотларини сотиш дўконлари ва расталари ташкил этилади. Туманда агротуризм (шароб туризми) ва экотуризм объектларини ташкил этиш ва ривожлантириш, оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича ҳар ойда тарғибот ишларини олиб бориш, турли буклет, брошюра, презентациялар ва бошқа турдаги тарқатма материаллар тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Элликқалъадаги туристик объектларга экскурсия вақтида Ақчакўлни томоша қилган хитойлик инвестор Роберт Ли: “Агар, Қорақалпоғистонда шундай бир кўл бор, дейишса, ҳеч қачон ишонмаган бўлардим! Иссиқ-кўлга боришга не ҳожат, шундай бойлик турганда”, деган эди ҳайратини яширолмай. Шундай экан, яқин келажакда Элликқалъа ҳам мамлакатимиздаги туризм масканларидан бирига айланиши шубҳасиз.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА