Куни кеча нафақат мамлакатимиз, балки минтақамиз учун қувончли муҳим тарихий воқейлик юз берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Президентимизнинг ушбу ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, дунёнинг 60 га яқин давлати мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф сифатида иштирок этганини алоҳида қайд этиш жоиз. Ушбу ташаббуснинг жаҳон ҳамжамияти томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиши ўзбек дипломатияси ютуқларининг яққол намунасидир.

Шубҳасиз, Оролбўйи минтақасида ижтимоий-иқтисодий ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилаётган бир пайтда, жаҳон ҳамжамияти томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциянинг маъқулланиши келгусидаги ишларни янги босиқичга олиб чиқишда муҳим платформа бўлади.

Резолюциянинг қабул қилиниши, аввало, Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий-иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

 

Борий Алихонов,

Олий Мажлис Сенатининг

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси