Таиландга 35 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган 19, 20 ёшли икки нафар тошкентлик қизни қутқариш “Istiqbolli avlod” ташкилотининг биринчи операцияси бўлди.

Ташкилот раҳбари Нодира Каримова элчихона кўмагида қизлар билан учрашар экан, алданган қизлар фарёдига дош бера олмай ўзи ҳам узоқ йиғлаганини эслайди.

Ресторанда ишлайсизлар, деб олиб кетганлар уларни фоҳиша сифатида сотиб юборган эди. Қизларнинг тинимсиз қаршиликларидан кейин уларга «иш берувчи» бошқа топшириқ берган. Қўлларига сумка тутқазиб, уни бошқа манзилга етказиб беришса, қўйиб юборишларини айтишади.

Буни қутилиш имкони, деб билган қизлар ҳеч нарсани ўйламай йўлга чиқади. Аммо йўлда қўлга тушиб, аслида катта миқдорда наркотик модда олиб кетаётганликларини кейин билади. Шу тариқа қамоқ, суд ва 35 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосига маҳкум бўлади. Энг ёмони, бу ёшгина қизлар на тил, на қонунни билмагани учун ҳам ўзларини ҳимоя қила олмайди.

Алданган қизларни қандай қутқариш керак?

Ҳали тажриба ҳам, имкониятлар ҳам етарли бўлмагани учун бу савол Нодира опанинг юрагини кемира бошлади. Шундай оғриқ билан Тошкентга қайтган опа қизларнинг яқинлари билан учрашди. Энди фарзанд доғида қуяётган оналар билан бирга кўз ёш тўкишига тўғри келди. Турса ҳам, ўтирса ҳам, ухласа ҳам қизлар ҳаёлидан кетмас, ҳатто тушларида ҳам уларни кўрарди.

Бу муаммони юрагига қаттиқ олганидан опа инфарктни ҳам бошидан ўтказди. Бироқ асло чекинмади. Халқаро ташкилотлар, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларга тинимсиз мурожаатлар йўллаб, ёрдам сўрашни канда қилмади. Орада Таиландга бориб, қизлардан хабар ҳам олиб турди. Ҳатто Таиланд қиролига ҳам ёрдам сўраб мактуб ёзди. Фақат орадан анча вақт ўтиб юзлаб мурожаатлар туфайли улар озод этилиб, юртимизга қайтарилди.

2001 йил 20 майда ташкил этилган “Istiqbolli avlod” нодавлат нотижорат ташкилоти аслида қизларни ҳаётга тайёрлаш, яъни уларга касб ўргатиш, психологик жиҳатдан оилага тайёрлаш мақсадида ташкил этилган. Шунинг учун ҳам ташкилотга шу ном танланган эди.

Бироқ ташкилот иш бошлаши билан қизлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабарлар кела бошлаган. Яъни, ўзбекистонлик қизларнинг хорижий давлатларга алдов йўллари билан бориб қолиб, турли қийинчиликларга дучор бўлаётгани ҳақидаги хабарлар ташкилот раҳбарини ташвишга солиб қўйди.

Шу тариқа ташкилотнинг фаолияти ўзгариб кетди. Нодира опа хорижда жабрланаётган қизларга ёрдам беришга бел боғлади. Юқорида эсланган воқеа эса 2002 йилда содир бўлган.

– Бу ишга бел боғлаганимизда шунчалик қийин бўлади, деб ўйламаганман, – дейди Н.Каримова. – Чунки бизни давлат ташкилотлари ўша пайтда негадир яхши қабул қилмас, ёмон йўлга кирган қизларга кўмаклашаётганимни юзимга айтганлар ҳам бўлган. Аслида эса ишсизлик, моддий қийинчилик туфайли одамларимиз, айниқса ёшлар хориждаги катта маошли иш ваъда қилинган ёлғон ваъдалар қурбонига айланаётган эди. 2000 йилларда бундай муаммолар ҳақида очиқ гапирилмасди. Лекин биз йўлдан қайтмадик, муаммо ҳақида сўзлаш имкони туғилди, дегунча бу ҳақда гапирардик. Аста-секинлик билан бўлса ҳам бизни эшитадиган, кўмаклашадиган давлат ва халқаро ташкилотлар кўпайиб борди. Хорижий юртларда қийин аҳволга тушган одам савдоси жабрдийдаларини аниқлаш, уларга кўмак кўрсатиш, ортга қайтариш ишлари бир мунча енгиллашди. Ҳозирги кунда нафақат йирик халқаро ташкилотлар, балки жабрланувчиларга кўмак кўрсатадиган юзлаб нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз.

Шу тариқа мазкур ташкилот фаолият кўламини ҳам кенгайтириб борди. Аввал Тошкент шаҳри миқёсида иш юритган бўлса, кейинчалик ташкилотга Республика мақоми берилди.

Эътиборлиси, ўтган 20 йиллик фаолияти давомида Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази хорижда қийинчиликка, қулликка маҳкум бўлган 20 мингга яқин юртдошимизга кўмак кўрсатиб, уларни ортга қайтарди.

Ташкилотнинг «Долзарб алоқа тармоғи»да қўнғироқлар тинмайди. Чунки бу рақамни билмай туриб хорижга чиқиб кетаётганлар деярли йўқ. Боиси «Қулликка тушиб қолманг! Агар шундай бўлса «Долзарб алоқа тармоғи» – +998 94 143 94 94 рақамига қўнғироқ қилинг!», деган чақириқни аэропорт, вокзал, элчихона, кўча, маҳаллалар, ижтимоий тармоқлар каби кўплаб жойларда учратиш мумкин.

Ташкилот ходимлари, волонтёрлари жамоат жойлари, аэропорт ва вокзаллар, чегара пунктларида бўлиб, огоҳликка чақирувчи буклетларини доимий равишда тарқатиб келади.

“Istiqbolli avlod«нинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари бугунги кунга келиб эътирофларга сазовор бўлмоқда. 2020 йилда ташкилот раҳбари Н.Каримова «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева одам савдосига қарши курашишда Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази катта намуна кўрсатаётганини эътироф этди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ташкилот ўз фаолиятини грантлар ажратиладиган лойиҳалар асосида давом эттириб келмоқда. Муттасил йигирма йил грант маблағларини қўлга киритиш эса осон иш эмас. Катта бир довонни самарали ишлар, натижалар билан босиб ўтган бундай ташкилотлар давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватланишга арзийди.

Дарвоқе, бугун “Istiqbolli avlod” ташкилоти ташкил топган кун.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА