Қорақалпоғистон Республикасида «Бошқарув органлари, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган Сарез кўли тўғонининг ўпирилиши оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлари» мавзусида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқлари бошланди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи А.Давлетов ўтказилаётган ўқув машқларининг мақсад ва вазифаларига тўхталди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг жорий йил учун асосий тадбирлар режасига мувофиқ ўтказилаётган ўқув машқларининг мақсади, Сарез кўли тўғонининг ёрилиши хавфи туғилганда ёки содир бўлганда табиий, техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этишда ФВДТ ҳудудий қуйи тизимлари бошқарув органлари, куч ва воситаларининг тайёргарлик даражасини синовдан ўтказиш, ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштиришдан иборат. Шунингдек, алоқа ва марказлаштирилган автоматлаштирилган хабар бериш тизимларининг ахборотни аҳоли ва раҳбарлар таркибига ишончли етказилишини амалда синовдан ўтказиш, ҳудудий бошқарув органлари, ФВДТ хизматлари томонидан фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар режаларига аниқликлар киритиш мақсад қилинган. Бу каби машғулотлар натижасида мавжуд куч ва воситаларни тақсимлаш бўйича ҳаракатларни текшириш, ҳудудлардан аҳолини эвакуация қилиш, кўчирилганлар учун ҳаётий шароитларни яратиш, вайрон бўлган ҳудудда мухандислик-коммуникация инфратузилма тизимларини тиклашга тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилади.

«Ғарбий» давлат корхонасида «Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар содир бўлганида объект раҳбарлар таркиби ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг ҳамда шаҳар ФВДТ хизматлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари» мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.

Уч кун давом этадиган қўмондонлик-штаб ўқув машқлари доирасида Беруний туманида Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш, Хўжайли тумани «Саманкўл» овул фуқаролар йиғинида кўчириладиган аҳолини йиғиш, «Хўжайли» темир йўл бекатида аҳолини ва моддий бойликларни темир йўл ёрдамида кўчириш, Хўжайли тумани марказий ўйингоҳида кўчиб келган аҳолини қабул қилиш, Нукус шаҳридаги «Ашшикўл» ҳудудида сув тошқини сабабли юзага келган вайрона оқибатлари, юзага келган санитария-эпидемиологик ҳолатларни бартараф этиш, қидирув-қутқарув ва тиклаш ишларини амалга ошириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш сингари махсус-тактик ўқув машқларини ўтказиш режалаштирилган.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА