Қорақалпоғистон Республикасида Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу жараён ўз навбатида, сув тежовчи технологиялар, яъни шланглар ва марказий қувурлар ҳамда бутловчи қисмларга бўлган талабни оширади. Оролбўйи минтақасида яқин вақтларгача бу технологияларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилмагани ҳудуд фермерларига бироз қийинчилик туғдираётган эди.
Жорий йилнинг илк кунларида Нукус шаҳрида «Аркавой мелиоратор» масъулияти чекланган жамияти томонидан томчилатиб суғориш ленталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу йўналишда бир нечта корхона фаолият юритмоқда.
Шундай корхоналардан бири “Nukus Polimer” масъулияти чекланган жамиятида диаметри 12 мм дан 630 мм гача бўлган полиэтилен сув қувурлари ишлаб чиқарилмоқда. Сув тежовчи технологияларда кўп қўлланиладиган 12 мм ва 20 мм бўлган шланг ва ленталарга айни пайтда буюртмачилар талаби юқори.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА