18 май – Халқаро музейлар куни
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаб, маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бюджетдан 420 миллиард сўм йўналтирилиши, жумладан, ҳудудларда 22 та театр ва маданият объекти қурилиши ва реконструкция билдирган эди.
Давлатимиз раҳбари шу билан бирга, Тошкент шаҳрида Миллий академик драма театри, машҳур япон архитектори Тадао Андо лойиҳаси асосида янги санъат музейи, замонавий кутубхона ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро ижод мактабидан иборат маданият ва маърифат мажмуасини барпо этиш бўйича амалий ишлар бошланиши ҳақида батафсил тўхталганди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизга ташриф буюрган ҳар бир хорижлик сайёҳ Ўзбекистон тарихи, Темурийлар тарихи, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейлари каби маданий-маърифий масканларга бориши, бу мозийгоҳлардаги нодир экспонатлардан қалби чексиз ҳайрат ва ҳавасга тўлиб тошиши табиийдир. Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори музейлар соҳасини ривожлантириш ва уларни янги босқичга олиб чиқиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Маданият вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, Президентимиз кўрсатмаларига асосан 2017 йил 11 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2027 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилиниб, шу асосида давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, биноларини таъмирлаш ва уларда замонавий шароитлар яратиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 20 га яқин музейлар янгидан ташкил этилди. Жумладан, халқимизнинг буюк адиблари хотирасини абадийлаштириш мақсадида Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов, Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейлари, Шароф Рашидов мемориал музейи, Тўрақўрғон туманида Ибрат музейи, Учкўприк туманида Хазиний музейи, Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий мемориал ва уй музейларининг фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан бирга, ҳар бир вилоятдаги тегишли олий ўқув юртларида Қатағон қурбонлари хотираси музейининг филиаллари ташкил этилди. Ушбу музейлар бугунги кунда халқимиз, айниқса ёшларнинг севимли масканига айланиб улгургани диққатга сазовордир.
Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида музейлар фаолиятига катта эътибор қаратилган. Жумладан, Ўзбекистон давлат санъат музейига – санъат соҳаси, Ўзбекистон тарихи давлат музейига – маданият ва тарих соҳасидаги барча музейлар фаолиятини илмий-тадқиқот ва методик жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, кадрлар илмий салоҳиятини ошириш вазифаси юклатилди.
2021 йил 1 январдан бошлаб ушбу музейларда музейшунослик, санъатшунослик, маданиятшунослик йўналишларида илмий кенгашлар ва илмий-методик кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса юртимиздаги барча санъат ва тарих йўналишида фаолият юритаётган музейлардаги ходимларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш ва уларга янада кенг шароит яратишдек мақсадларни кўзлайди.
2020 йил сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «Очиқ эшиклар куни», деб эълон қилинди ва музейга кириш ташриф буюрувчиларга бепул этиб белгиланди. Бугунги кунда «Очиқ эшиклар куни» ҳар бир музейда кўтаринки рухда ўтказилмоқда. Бу, албатта, томошабинларда катта қизиқиш уйғотиб, музейга ташриф буюрувчилар сафини янада кенгайтирмоқда. Шу билан бирга, 2020-2025 йиллар давомида босқичма-босқич ҳар бир туман ва шаҳарларда ўлкашунослик музейлари ташкил этилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштиради. Бундай ташаббус билан ҳар бир ҳудуд тарихи ва маданияти тўғрисида чуқур изланишлар олиб бориш, ёш авлоднинг ўз ҳудуди тарихи ва маданияти билан яқиндан танишишига кенг имконият яратади. Янги ташкил этилаётган туман (шаҳар) ўлкашунослик музейларининг асосий вазифаси ҳудуд тарихи, табиати, этнографиясининг бугунги ҳолати ва келажаги ҳақида маълумотлар берувчи ашё ва коллекцияларни йиғиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этишдан иборат бўлади.
Юртимиз бўйича 200 дан ортиқ музейнинг янгидан ташкил этилиши маърифат ва билим маскани сифатида музейларга қаратилаётган амалий эътибор натижасидир.
Ўзбекистон музейларида сақланаётган ноёб ашёларни дунёга кенг тарғиб қилиш ва таништириш мақсадида бир қатор эзгу ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Москва шаҳридаги давлат Третьяков галереясида шу йил Халқаро музейлар кунидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасидаги бутун дунёга машҳур музей ҳисобланган Савицкий номидаги давлат санъат музейи коллекциясида сақланаётган Иван Кудряшовнинг ноёб асарлари кўргазмаси ташкил этилмоқда. Ҳозирда ушбу кўргазманинг очилиш маросимини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, келгуси 2022 йилда Парижнинг бутун дунёга машҳур Лувр музейида Ўзбекистоннинг бебаҳо меросини намойиш этиш борасида ҳам қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Луврда бўлиб ўтажак кўргазма янгиланаётган Ўзбекистоннинг бой тарихи, бетакрор миллий маданияти ва санъати, бугунги тараққиёт одимларини ғоят муваффақиятли тарзда акс эттиришига шубҳа йўқ.
Буларнинг барчаси келажакда музейшунослик ва санъатшунослик йўналишида таълим олаётган талабаларнинг музей соҳасига бўлган қизиқишини янада кучайтириш, музейларимизда фаолият юритаётган ходимлар меҳнатини эъзозлаш, кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш, айниқса, музейларимиз жаҳондаги етук замонавий музейлар қаторидан ўрин эгаллашига замин яратади.
Назокат Усмонова, ЎзА