Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида 17 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Индонезия Республикаси парламенти Вакиллар палатаси Спикерининг ўринбосари Раҳмат Гобель бошчилигидагu делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик турли йўналишларда ривожланиб бораётгани, бироқ эришилган натижалар икки мамлакат имкониятларига мос эмаслиги қайд этилди. Шу боис, ўзаро муносабатларни турли йўналишда, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш мамлакатларимиз ва халқларимиз учун бирдек манфаатли бўлиши таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон ҳам, Индонезия ҳам табиий ресурсларга бой экани, ушбу соҳада ҳамкорликни кенгайтириш яхши натижа бериши қайд этилди. Шунингдек, ўзаро савдо айланмасини ошириш, туризм соҳасида, жумладан, зиёрат туризми йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги маълум қилинди. Мамлакатларимиз ўртасида таълим алоқаларини кенгайтириш, ўзаро талабалар алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Юқори мартабали меҳмон Индонезия билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириб бориш учун музокараларни мунтазам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади. Бунда парламентлараро алоқаларни кенгайтириш яхши самара беришига эътибор қаратилди.

Индонезия делегацияси бугун бир қатор идораларда бўлиб, икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.

 

Саидмурод Раҳимов,  

ЎзА