Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан шаҳар ва туман ҳокимликлари бош мутахассислари учун малака ошириш курслари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йили 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида давлат органлари ҳамда ташкилотларининг ўрта ва қуйи бўғин бошқарув ходимларининг янгича талаблар асосида мунтазам малакасини ошириб бориш лозимлигини айтган эди. Хусусан, уларни “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тизими асосида самарали ишлашга ўргатиш, шунингдек, республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида хабардор қилиш вазифаси илгари сурилган. Малака ошириш курсларини ташкил этишдан мақсад, мазкур топшириқлар ижросини таъминлашдир.
Ўқув машғулотлари амалий ва назарий жиҳатдан 5 та модул асосида олиб борилади. Яъни тингловчилар қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш, ахборот-коммуникация технологиялари, таянч ва соҳавий мутахассислик бўйича билимларини ривожлантириш, давлат фуқаролик хизматчиси ахлоқи ва маданияти, умумий саводхонлик йўналишлари бўйича тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлади.
Малака ошириш курслари жорий йилнинг 31 майигача давом этади. Якунида тингловчилардан тест синови олиниб, тегишли сертификатлар берилиши назарда тутилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА