Адлия вазирлиги “Адвокатлик тузилмалари томонидан статистик маълумотларни тақдим қилиш тартиби тўғрисида”ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Унга кўра, фаолият юритаётган адвокатлик тузилмалари томонидан статистик маълумотлар ҳар бир ҳисобот даври учун тақдим этилади.

Адвокатлик тузилмалари томонидан тақдим этиладиган  статистик ҳисоботда адвокатларга оид маълумотлар (унинг ёши, жинси, стажи, илмий даражаси), адвокатлик тузилмасининг ходимлари, кўрсатилган юридик ёрдам турларига оид маълумот (терговга қадар текширувда, суриштирувда, дастлабки терговда  кўрсатилган юридик ёрдам)лар, юридик ёрдам олган шахслар ҳақида маълумот, тузилган битим (шартнома)лар, расмийлаштирилган ордерлар сони кўрсатилади.

Адвокатлик тузилмалари томонидан статистик маълумотларни тақдим қилиш тартибига кўра, адвокатлик тузилмаси раҳбари томонидан статистик маълумотлар «Юридик ёрдам» ахборот  тизими орқали адвокатлик тузилмаси жойлашган жойдаги Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармасига биринчи ҳисобот даври учун 10 июль санасига қадар, иккинчи ҳисобот даври учун келгуси йилнинг 10 январь санасига қадар тақдим этилади.

Адвокат адвокатлик тузилмасидан чиққан тақдирда, унинг адвокатлик тузилмасидан чиққунига қадар амалга оширилган фаолиятига оид статистик маълумотлар тақдим этиши керак.

Статистик маълумотлар тўлиқ киритилгандан сўнг адвокатлик тузилмаси раҳбарининг электрон рақамли имзоси билан  тасдиқланади ва Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига юборилади.

Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаси томонидан  статистик маълумотлар умумлаштирилади ва ҳар бир ҳисобот даври якунлангандан сўнг келгуси ойнинг ўн бешинчи санасидан кечиктирмай Адвокатлар палатасига юборилади.

Адвокатлар палатаси томонидан умумлаштирилган якуний статистик маълумотлар ҳар бир ҳисобот даври якунлангандан сўнг келгуси ойнинг йигирманчи санасидан кечиктирмай Адлия вазирлигига тақдим этилади.

Статистик маълумотлар Адлия вазирлиги томонидан тизимга барчанинг фойдаланиши учун очиқ ҳолда жойлаштирилади.

Н.Абдураимова,  

ЎзА