Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

— Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон қадри учун” тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, — деди депутат Даврон арипов. — Ушбу қонун лойиҳаси билан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари лавозими жорий этиш ва улар томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга ва жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида ҳам шахс суд ҳимояси остида бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланди, масъуллар халқ вакилларининг саволларига жавоблар қайтарди. Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА