Кўпинча кўча-кўйда, шаҳарнинг турли бурчакларида чиқиндилар уюлиб ёки ёйилиб ётган ҳолатларга кўзимиз тушади. Бундан ташқари, чиқиндихоналардаги урналарда йиғилган чиқинди бир кун олиб чиқиб кетилмаса, урналар тўлиб-тошиб кетганига гувоҳ бўламиз. Йиғилиб қолган чиқинди эса, албатта, атрофга бадбўй ҳид тарқатади.
Айниқса, ёз кунларида турли ҳашаротлар кўпайишига, санитарияга зид вазиятлар юзага келишига сабаб бўлади. Бу каби ҳолатлар, шубҳасиз, дилни хира қилади, ҳеч бир кимсага ёқмайди. Шундай экан, чиқиндини йиғиш ва олиб чиқиб кетиш ишларига панжа орасидан қараб бўлмайди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший чиқиндилар йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Айниқса, ХХI асрда маиший чиқиндилар ҳажмининг ўсиши экологик барқарорликка жуда катта салбий таъсир кўрсата бошлади. Инсон саломатлиги ва атроф-муҳит тозалиги учун энг муҳим омилларидан бири чиқинди тизимини тартибга солиш масаласи ҳисобланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида янги тўлов механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасида истеъмолчига чиқинди хизмати учун қарздорликни бартараф этишга имконият яратиш мақсадида чиқинди хизматлари учун тўловлардан қарздорлиги юзасидан қисқа хабар (SMS) орқали истеъмолчи хабардор қилингандан кейин беш кунлик муддат берилиши белгиланди. Шундан сўнг қарздорлик бартараф этилмаганда, электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш татбиқ этилади.
Ушбу қонун лойиҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этиш кафолатлари тўла мустаҳкамланиб, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга ихтисослашган ташкилотлар тўловларнинг ҳаққоний ва тўғри ҳисобланиши учун жавобгар бўлиши, мазкур талаблар бузилган ҳолларда истеъмолчига етказилган зарар қопланиши белгилаб қўйилди.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқшунос ва экспертлар иштирокида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишларида ушбу қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, унга киритилаётган ҳар бир норма депутатлар томонидан чуқур таҳлил қилинди. Унда кўзда тутилаётган нормалар чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов механизмларини такомиллаштиришга, чиқинди хизматларини кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА