Бугунги видеоселектор йиғилишида ҳар бир ихтисослашган мактабга хорижий, айниқса, Осиё давлатларидан камида 2-3 нафардан, олий ўқув юртларига эса камида 5 нафардан тил эгаси бўлган малакали ўқитувчиларни жалб қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Мактабларга чет эл мутахассисларини жалб қилиш харажатлари маҳаллий бюджетдан, олийгоҳларда эса ўз жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, вилоят ҳокимлари кейинги ўқув йилидан бошлаб ҳар бир туманда танлов ўтказиб, камида 2 нафардан инглиз тили ва 1 нафардан бошқа чет тили ўқитувчиларини хорижда малака оширишини йўлга қўйиш кераклиги қайд этилди.

Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб чет тиллари бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган мактабларни рағбатлантириш учун Президент соврини таъсис этилади. Бунда, туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида мактаблар ўртасида мусобақалар ўтказилади.

Туман ва шаҳар босқичида 1-ўринни олган мактаб 100 миллион сўм, 2-ўрин –75 миллион сўм, 3-ўрин – 50 миллион сўмдан мукофотланади.

Вилоят босқичида 1-ўрин – 250 миллион сўм, 2-ўрин – 200 миллион сўм, 3-ўрин – 150 миллион сўмдан тақдирланади.

Республикадаги энг яхши мактаб 500 миллион сўм, 2-ўриндаги – 400 миллион сўм, 3- ўриндаги – 300 миллион сўмдан рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, ушбу мактабларнинг директорлари ва чет тили фани ўқитувчилари давлат мукофотларига ҳам тавсия этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тизимни жорий этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

 

ЎзА