Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 6 май куни чет тилларини ўрганишни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда вазирлик ва идоралар, таълим соҳаси мутасаддилари, ҳокимлар, лицей, коллежлар директорлари иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномада жорий йилда физика ва чет тилларини ўрганишни устувор вазифа сифатида белгилаб берган эди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашиб, дунё бозорига фаол кириб бораётгани ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларимизнинг кун сайин кенгаяётгани ушбу масаланинг долзарблигини янада оширмоқда.

Президентимиз мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишда чет тилларни ўрганиш масаласи ҳам ғоя муҳим аҳамиятга эга эканини, қанча қийин бўлмасин, жойларда бунинг учун шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.

– Кейинги пайтда иқтисодиёт тизими бўйича кўп мажлислар ўтказдик, ҳокимларга ободонлаштириш, маҳаллабай ишлаш, хизмат кўрсатиш, маҳаллий саноатни ривожлантириш каби соҳалар бўйича топшириқлар бердик. Энди чет тилларни ўрганиш масаласи ҳам кун тартибида бўлиши керак.Бу масала билан жиддий шуғулланадиган вақт келди. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳ битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент хориждан олиб келинаётган технологиялар умрини узайтириш, хорижлик мутахассислар билан гаплаша олиш учун чет тилларни билиш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун жойларда чет тилларини ўрганишга етарли шароит яратиш ва уни оммалаштириш барча раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши, кластерларда ҳам чет тилларни ўрганишни йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда бугунги кунда ўқитиш чет тилида олиб бориладиган олийгоҳлар кўпайиб, халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сўнгги 3 йилда 10 бараварга ошгани таъкидланди (700 нафардан 7 минг нафарга).60 минг нафар ўқувчи етакчи хорижий олийгоҳларда таҳсил олмоқда (2016 йилга нисбатан 12 баравар кўп).

Жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 350 нафар ёшларимизнинг нуфузли хорижий университетларда ўқиши учун стипендиялар ажратилди. Бу ўтган йилларга нисбатан 5 баравар кўп, дегани.

Президент қайд этилган кўрсаткичларга қарамай, чет тилларини ўқитиш бўйича жойлардаги ҳақиқий аҳвол қўйилган катта режаларга мутлақо муносиб эмаслигини қайд этди.

Масалан, бугунги кунда таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчилари лавозими вакант. 1 минг 400 та мактабда чет тили ўқитиш мутлақо қониқарсиз аҳволда.

Бу кўрсаткич Қашқадарёда – 380 та, Самарқандда – 287 та, Жиззахда – 140 та, Тошкент вилоятида – 120 та, Сурхондарёда – 90 тани ташкил этади.

Йиғилишда чет тилларни ўқитишда жойлардаги камчиликлар муҳокама қилинмоқда.

 

ЎзА